Жорий йил 12 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йилдан илк бор Ўзбекистонга четдан олиб келинган чигитни экишга рухсат берилди.
Шунга кўра, вилоятимизда “Мергантекс” кўп тармоқли пахта–тўқимачилик кластери томонидан янги ташаббусга қўл урилди. Жумладан, кластер таъсисчиси Иброҳим Ҳамроевнинг қайд этишича, эрта баҳордан Олот ва Қоракўл туманларидаги экин ерларининг 750 гектарида Хитой давлатидан олиб келинган чигит экиб парвариш қилинди.
Бунинг учун Хитой компанияси “Tenjen Хuashu Shinjay” компанияси билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Ўтган йиллар давомида кластер пахта майдонларида мазкур хорижий корхона билан шартнома асосида томчилатиб суғориш технологияси муваффақиятли жорий этилди. Уч йил бурун мазкур агрокластер томонидан Хитой давлатидан плёнка остига чигит экишга мўлжалланган 20 та замонавий экишгич — агрегат ускунаси харид қилинган.
Айнан “Мергантекс” кластери томонидан қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган томчилатиб суғориш қурилмалари ва улар учун зарур бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилган. Ўтган мавсумда 1 минг 200 гектар ерга плёнка остига уруғ қадалиб, ғўза парвариши талаб даражасида олиб борилган.
“Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат муассасаси маълумотларига кўра, биргина пахтачилик тармоғида жорий йил вилоятнинг нафақат Қоракўл ва Олот, балки барча туманларида умумий 9 172 гектар ерда хориждан импорт асосда келтирилган 211 тонна импорт чигит экиб, парвариш қилинди.
Жорий йил ҳосили учун биргина “Olot cotton cluster” МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластери томонидан туманда 930 гектар майдонда, шундан 730 гектар очиқ контурда, 200 гектар майдонда плёнка остига чигит экиб, ғўза парваришланди. Мазкур агрокластер томонидан 500 гектар майдонда Хитойдан олиб келиб экилган “ХInluZAO-78” навли ғўза парваришланиб, шу кунларда бор куч ва имконият ҳосилни саранжомлаб олишга қаратилган.
Шунингдек, олис туманда “Мергантекс” пахта тўқимачилик кластери ташаббуси билан “Баҳористон” ҳудудида миришкор фермер “Шукрулло Ўринов” фермер хўжалигида ғалладан бўшаган ернинг 45 гектарида Хитой ғўзаси парваришлангани тармоқда муҳим янгиликдир. “Yinong-6” навига мансуб пахта чигити бошоқли дони ўриб-йиғиб олинган далада, июнь ойи дастлабки ҳафтасида экиб бўлинган, ўсиб етилиш даври 100 кунни, бундан кутилаётган юқори ҳосилдорлик салмоғи эса ҳар гектарига 7 тоннани ташкил этмоқда.
Фермер хўжалиги томчилатиб суғориш технологияси орқали парваришни йўлга қўйган бўлиб, ҳозирда эрта баҳорда экилган ғўза билан ўсиш фазалари деярли баробар ва унда шу кунларда ҳосил йиғим-терими пухта олиб борилмоқда. Аниқроғи, ҳадемай 45 гектардан кутилаётган ҳосил хирмони 212 тонна атрофида чамаланмоқда.
Шу қаторда Олот туманидаги “Сардорбек Шарипов омади”, “Ҳиммат”, “Қурбон Азиз”, “Нарзи Ойим”, “Эркин Оққиев”, “Юсуф Махсума”, “Бозорбой Жаббиев”, “Шакарой Сулаймонова” каби фермер хўжаликларида Хитойнинг “Xinluzao-78” навли чигити экиб парваришланди.
Худди шундай, Қоракўл туманида жорий пахтачилик мавсуми олдидан жами 848,5 гектар ерда 17 тонна миқдоридаги серҳосил Хитой навли чигит экиб, агротехник талаблар асосида пахта етиштирилди. Шундан айни кунда “Мергантекс” МЧЖ билан ҳамкорлик қилаётган фермер хўжаликлари 137 гектар ерда хорижий навли “оқ олтин” етиштиришнинг уддасидан чиқишган. Жорий йилда биргина “Жиғачи” чўли массивида ўзлаштирилган ернинг 117 гектарида ҳам нишона ҳосил сифатида Хитой уруғи экиб, баракали ҳосил етиштирилганини кўриш мумкин.
Пахтачиликдаги бу янгича ёндашув, агротехник чора-тадбирларни ўрганиш мақсадида вилоят ҳокими Ботир Зарипов Олот ва Қоракўл туманларида бўлди. Жумладан, “Шукрулло Ўринов” фермер хўжалигига қарашли пахта далаларида бораётган агротехник тадбирларга эътибор қаратилди.
Ҳозирда ҳосил йиғим-теримини махсус техникаларда амалга ошириш кўзланган. Шу фермер хўжалигига қарашли бошқа пахта далаларида эса, ҳосилдорлик гектарига 55 центнердан юқори кўрилмоқда. Чунки, мазкур ҳудудда агротехник тадбирлар илмий асосда, кечиктирмай олиб борилгани бугунга келиб самарасини бермоқда. Ғўза парвариши даврида дефолиация ишлари махсус дронлар ёрдамида амалга оширилган.
Минерал ўғитлардан самарали фойдаланишда эса, кўп йиллик тажрибага таянилган.
Вилоят ҳокими бу ҳолатни ижобий баҳолаб, ҳосилдорлик юқори даражада эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, мутасаддиларга айни шу далада олиб борилган агротехник тадбирларни бошқа пахта майдонларида ҳам қўллаш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш амалиётини йўлга қўйишга оид ўз кўрсатмаларини берди.
Умуман, таҳлиллардан кўринишича, ўтган йилги деҳқончилик мавсумида олотлик пахтакорлар ҳам буюртмачи ва қайта ишловчи “Olot cotton cluster”, “Parvoz Xumo Ravnaq trans” ва “Мергантекс” МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорликда ҳудуддаги 7 минг 652 гектар ерда “Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “Бухоро-10” навларига мансуб сара чигит экиб, ғўза парваришлаб, кеч кузги йиғим-теримда давлатга ялпи 30 минг тоннадан ошириб юқори сифатли саноат хом ашёси сотишга муваффақ бўлишган. Бу хайрли мақсад йўлида туманда 206 та пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжалигида баракали ҳосил етиштирилган.