“14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни” сифатида кенг нишонланади. Маълумотларга кўра, ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг қонга бўлган талабини қондириш учун 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар бўлиши, қон компонентлари билан таъминлаш учун эса донорлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши зарур.
Сўнгги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.
Мамлакатимизда ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Юртимизда ана шундай меҳрли ва қалби эзгуликка тўла инсонлар “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланади.
Аксарият шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб келинадиган беморларнинг аҳволи оғир бўлгани сабабли, кўпинча уларга қон қуйиш зарурати юзага келишини яхши тушунадиган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг 70 нафардан ортиқ фидоий ходимлари ҳам ушбу эзгу ишга бош қўшиб, беғараз донор сифатида қон топширдилар.
Қон – бебаҳо неъмат, унинг бир томчиси бемор инсонни ҳаётга қайтариши мумкин, Шу сабабли беғараз донорлик орқали қонга муҳтож бўлган кишиларга кўмак бериш одамийликнинг энг юксак намунасидир.