Ўзбекистонда 1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар 68,4 баравар (34 минг сўмдан 2,32 млн сўмгача), электромобиллар учун эса 15 бараварга ошди. Ички ишлар вазирлигининг бу бўйича буйруғи тўловлар миқдори ошишидан бир кун олдин тўсатдан қабул қилингани кўпчиликда шубҳа уйғотиб қўйди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати 30 март куни «Электромобиль ҳайдаш энди янада фойдали бўлади» сарлавҳаси остида ставкалар ўзгариши ҳақида хабар берди, бироқ ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиб ўтмаган.
Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг 31 мартда имзолаган 164-сонли буйруғини 30 март куни Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Кучкаров ҳам тасдиқлаб берган.
Ҳужжатларнинг қонунийлигига масъул Адлия вазирлиги эса давлат рўйхатидан ўтказиб, буйруқни қонунийлаштирган.
Ҳеч бир қонун ва қонуности ҳужжатларига тўғри келмайдиган бу нарх ошириш жамоатчиликда каттагина эътирозларни уйғотиб қўйди. Машиналар билан боғлиқ бундай “ўйинлар” биринчи марта бўлиши эмас. Мисол учун, кундуз куни чироқ ёқиб юриш, “тонировка” муаммолари ҳам жамоатчилик томонидан яхшигина қаршиликларга учраган эди.
Халқдан мажбурий пул йиғиш схемасига асосланган “Ягона имтиҳон маркази”нинг фаолияти эса, барча эътироз ва танқидларни ҳам енгиб ўта олди.
Машиналарни рўйхатдан ўтказишни 68 бараварга ошириш “ғояси” тўсатдан қабул қилиниши ҳамда бу фикр ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновдан чиқишида қандайдир шубҳа-гумонлар борга ўхшайди. Унда шундоқ ҳам ИИБдаги муаммоларнинг ўзи етарли даражада эди. Шунингдек, бу лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Кучкаров томонидан тасдиқланиши ҳам хайратланарли ҳолдир.
Уч вазир ҳам 164-сонли буйруқни тасдиқлаб, жамоатчиликка тушунтириш ёки изоҳ бермасдан мум тишлаб ўтиришида ҳам қандайдир сир бордек, назаримизда.
Гўёки, учта гигант вазирликнинг вазирлари ҳам “Астрономик рақамларни ҳосил қиладиган бу пулларга ким эгалик қилаётган бўлса, ўзлари жавоб берсин”, деган маънода жимликни сақлашаётгандек туюлмоқда.
Маълум бўлишича, 68,4 баравар оширилгандан ҳосил бўлган 2 325 600 сўм алоҳида ҳисоб рақамига туширилар экан.
Ички ишлар вазирлигига тааллуқли бўлган 4014228ХХХХХХХХ3429947179 ҳисоб рақамига (Х ўрнидаги рақамлар ҳудудларга қараб ўзгаради) айнан 68 баравар оширилган суммалар алоҳида йўналтирилади.
Ҳисобсиз равишда пуллар оқиб кирадиган мазкур ҳисоб-рақам эса, қайси томонга қаратилгани кўпчилик учун қизиқ туюлиши табиий ҳол, албатта.
Бунинг ортида эса қўл урган соҳасини монополияга айлантира олиш қудратига эга профессионал монополист тургани аён.
Агар шундай бўлмаганида, Пўлат Бобожонов дардини ичига ютиб ўтирмасдан сирли сукунатга барҳам берган бўлар эди.
Вазирнинг ҳеч бир расмий ҳужжатга тўғри келмайдиган 164-сонли буйруғи бекор бўлиши мумкин, аммо бу буйруқни имзолашга мажбур қилган қудратли шахснинг кимлиги сирлигича қолиши аниқ.
Эслатма, 164-сонли буйруққа кўра, ҳар бир машинани рўйхатдан ўтказиш – 2 325 600 сўм, давлат рақами бериш –1 190 000 сўм ва гувоҳнома бериш – 238 000 сўм, жами 3 753 600 сўмни ташкил этмоқда.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга ким босим қилмоқда?
Фикр билдириш
Фикр билдириш