Мамлакатимизда сўнги йилларда гендер тенглик масаласига улкан аҳамият берилмоқда. Гендер тенглик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган ва қўллаб-қувватлаш зарурлиги эътироф этилаётган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
ХХ – ХХИ асрларда жамиятнинг долзарб муаммоларидан бири сифатида гендер тенглик масалаларини қайта кўриб чиқиш ва уни амалий ўзгартириш масалалари катта ўрин эгаллаган. Ушбу ўзгаришларнинг асосий йўналиши аёлларнинг меҳнат ва ижтимоий фаолиятнинг турли соҳаларида тутган ўрни ва ролига янгича қарашда, ҳар иккала жинс вакилларининг мотивлари, манфаатлари, позициялари ва фаолиятининг уйғунлиги ғоясидадир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятининг илк кунлариданоқ асосий эътиборни аёллар ва оила муаммоларига қаратиб келмоқда. Натижада ўтган даврда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Гендер сиёсати муаммолари, гендер тадқиқотлари, айниқса, «Аёллар муаммоси» билан боғлиқ масалалар расмий даражада давлат сиёсатининг устувор масалалари қаторига киритилган. Хотин-қизларнинг мавқейини ошириш, айниқса, уларнинг ҳуқуқларини қонуний ҳужжатлари орқали ҳимоя қилиш ва кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори шулар жумласидандир. Ушбу қарор моҳиятан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёлларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, умуман, жамиятимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган, десак, муболаға бўлмайди.
Ўз навбатида, 2019 йил 2 центябрда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуни хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Мазкур Қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинганлиги эътиборли.
Хусусан, 1948 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида аёллар ва эркакларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган. Декларациянинг 1-моддасида белгиланганидек, «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак».
БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган яна бир халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 3-моддасида таъкидланганидек, «Мазкур пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу Пактда кўриб чиқилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини олади».
Айнан мазкур халқаро нормалар «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунида ўз аксини топган. Бинобарин, юқорида қайд этилган халқаро ҳужжатларни ратификация қилган мустақил давлатимиз халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган талабларидан келиб чиқиб, ўз миллий қонунчилигида аёллар ва эркаклар тенглиги масаласига жиддий аҳамият беришининг сабаби ҳам асослидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шубҳасиз, ана шу асоснинг устувор ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Янги таҳрирда қабул қилинган бош қомусимизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.
Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”,- деб белгиланган.
Шу маънода, Ўзбекистонда гендер тенгликнинг ҳам халқаро-ҳуқуқий, ҳам конституциявий-ҳуқуқий асослари кафолатланган дейишимиз мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда гендер тенгликка эришишда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш масаласи давлат ва жамиятнинг доимий диққат марказида турибди. Зеро, бу муҳим омил оилани мустаҳкамлаш, юқори интеллектуал даражадаги ёш авлодни вояга етказиш, жамият барқарорлигини таъминлашнинг асосий пойдевори ҳисобланади.
Ихтиёр Холов,
Бухоро туманлараро маъмурий суди судъяси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти