Кеча Wyndham Bukhara меҳмонхонаси мажлислар залида Бухорода этнографик туризм паркини барпо этиш масаласига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман аввалида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўз олиб, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухорода ҳам кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, шунингдек, вилоятда аҳоли даромадларини ошириш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самараларини бераётганини алоҳида таъкидлади. Эътироф этилганидек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш йўлида кўплаб ютуқларга эришилди. Барча соҳалар беқиёс ўзгаришларга юз тутди. Замонавий саноат корхоналари ишга туширилиб, йирик ижтимоий соҳа обьектлари фойдаланишга топширилди. Шаҳару қишлоқларимизда янги уй-жойлар қурилиб, кенг, равон йўллар барпо этилди. Қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш, таълим, тиббиёт ва бошқа йўналишларида амалга оширилган ислоҳотлар ҳам инсон қадру-қимматини улуғлашга, одамларнинг муносиб турмуш кечиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.
Қайд этилишича, Бухорода катта-кичик меҳмонхона сони 541 тага, яъни етти йилда қарийб 5 мартага, меҳмон ўрни 14 мингга етди ва 4 бараварга кўпайди.
Бухоро халқаро аэропортига тўғридан-тўғри ва чартер авиақатновлар сони 7-8 бараварга оширилди. Туркия ва Россия шаҳарларига тўғридан-тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Франция, Англия, Швейцария, Венгрия, Япония, Израиль, Покистон, Саудия Арабистони, Дубай, Қатар, Мальта, Озарбайжон, Белоруссия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон йўналишларида чартер авиақатновлар амалга оширилмоқда. Афросиёб тезюрар поезди қатнови 2 мартага кўпайтирилди.
Пировард натижада туризм тармоғида иш билан банд бўлганлар сони етти йил аввалги 3,5 минг нафарга нисбатан қарийб 15 бараварга ошиб, 52 минг нафарга етди.
Бухорода зиёрат туризми бўйича жуда катта салоҳият мавжудлиги эътиборга олиниб, бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Етти пир зиёратгоҳлари тўлиқ қайта реконструкция қилинди, зиёрат амалларини бажариш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Уларнинг ҳаммасида замонавий меҳмонхоналар ишга тушди. Бунинг ҳисобига зиёратчилар оқими 5-6 бараварга кўпайди.
Бухоро тарихий марказидаги 40 дан ортиқ ва туманлардаги ўнлаб маданий мерос объектларини реставрацияси, таъмирлаш-тиклаш ишлари учун биргина 2023 йилда 160 млрд сўмдан кўпроқ маблағ берилиши ҳисобига янги туризм объектлари ишга тушди ва натижада туристлар оқими сезиларли даражада кўпайиб, уларнинг Бухорода қолиш вақти яна бир кунга ортди.
Туризм инфратузилмаси бўйича яратиб берилган имтиёз ва субсидиялар сабаб “Wyndham”, “Mercure”, Radisson, Sahid каби халқаро меҳмонхона брендлари кириб келди.
Айни пайтда, вилоятда халқаро стандартларига жавоб берадиган 2 та 4 юлдузли ва 4 та 3 юлдузли меҳмонхона ўз фаолиятини юритмоқда.
— Туризм ривожланиб, сайёҳлар оқими кўпайиши ўз ўрнида янги туризм инфратузилмаларини яратишни тақозо этади. Таҳлилларимиз бўйича Бухорода бугунги кунгача шаклланган туризм инфратузилмаси кўпи билан 1,5-2 млн хорижий туристни қабул қилиш имконини беради. 2023 йилнинг ўзида хориждан қарийб 1 млн 400 минг сайёҳ оқимини кузатдик. Шундай экан, Бухорода туризм инфратузилмаларини жадал кенгайтириб боришни даврнинг ўзи талаб этмоқда, – деди нотиқ.
Шундан келиб чиқиб, Бухоро шаҳрида туризм инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини муқим иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини янада ошириш мақсадида ташаббускор фаоллар, депутатлар ва туризм соҳаси вакилларининг талаб ва истакларини эътиборга олиб, “Боқий Бухоро тарихий-этнографик парки” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, 32,6 гектар майдонда “Боқий Бухоро тарихий-этнографик парки” барпо этилади. Этнографик парк ҳудудида 23 гектар яшил зона (айни пайтдагига нисбатан 3 марта кўп) ташкил қилинади. Этнопарк ҳудудида жойлашган давлат объектлари бузиш ва ер участкасини бўшатиш шарти билан баҳоланиб, электрон аукцион савдолари орқали сотувга чиқарилади.
Давлат объектлари учун “Bukhara City” ҳудудида янги маъмурий бинолар барпо этилади.
Маълумки, дунё тажрибасида маъмурий бинолар СМАРТ (ақлли) шаҳар лойиҳаси асосида жойлаштирилади. Шунга кўра, истиқболда давлатга қарашли маъмурий бинолар “Bukhara City” мажмуаси ҳудудида барпо этиш назарда тутилмоқда. 32,6 гектар ер участкасини сотишдан тушадиган маблағлар Бухоро вилояти ҳокимлигининг алоҳида ғазна ҳисобварағига йўналтирилади ҳамда янги маъмурий объектларини қуришга сарфланади.
“Бухоро” халқаро аэропортини реконструкция қилиш ва унинг йўловчи ташиш қувватини янада ошириш шарти билан ДХШ асосида инвесторларга бериш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, лойиҳада Бухоро тумани “Боғидашт” МФЙ ҳудудида “Янги Ўзбекистон боғи”ни барпо этиш учун танланган ер майдонининг бир қисмида замонавий янги спорт комплекси (футбол стадиони), Бухоро шаҳар 28-сон Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби негизида Бухоро футбол академияси учун замонавий бино ва иншоотларни қуриш режалаштирилган.
Анжуманда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Бухоро” спорт мажмуаси бузилиши билан боғлиқ масала хусусида алоҳида сўз борди.
Қайд этилишича, “Бухоро” спорт мажмуаси эскирган, юқори балкон қисми авария ҳолатида, яъни деворларда ёриқлар пайдо бўлган, ўриндиқлар жойлашган пойдевор қисмлари ҳам яроқсиз ҳолга келган, мажмуадан фойдаланиш самараси ҳам жуда паст. Ҳаттоки, футбол ўйинлари томошабинлар қатновининг охирги 3 йили ўрганилганда стадион сиғимининг бешдан бир қисмини банд этмоқда. Футбол учрашувлари белгиланган кунларда эса мажмуа атрофидаги йўлларда кескин тирбандликлар юзага келмоқда. Бу ўз навбатида ҳаракат иштирокчиларига ноқулайликлар туғдирмоқда.
Янги стадион эса футбол ривожланган мамлакатлар андозаси асосида замонавий тарзда барпо этилади.
Яна бир жиҳат. Маълумки, дунё тажрибасида спорт ареналаридан оммавий тадбирлар концерт, фестиваллар, байрамлар, турли спорт ўйинлари ва халқаро мусобақалар ўтказиш тизими кенг ривож топган.
Мисол учун, Голландиянинг “Амстердам Арена” стадиони йилига ўртача 80 маротаба ижарага олинади. Гамбург ва Лондондаги ўртача 16 минг томошабин сиғимига эга “О2” ареналари ҳар йили 140 тагача турли спорт ва ижтимоий тадбирларга мезбонлик қилади.
Энг аҳамиятлиси, бу стадионларга йил давомида миллиондан зиёд томошабин киради. Бунда йирик авто тураргоҳлар, авто ва темир йўл станциялар логистикаси учун шарт-шароитларга эга ҳудуд танланади.
Шунингдек, кўпчилик спорт ишқибозлари яхши биладиган Россиядаги “Спартак”, Буюк Британиядаги “Уэмбли”, “Олд Траффорд”, Бразилиядаги “Маракана”, Испаниядаги “Камп Ноу”, Италиядаги “Сан-Сиро”, Германиядаги “Аллианз Арена” каби йирик стадионлар ҳам шаҳар марказидан анча йироқ масофада кенг ҳудуд танланиб қурилган.
Шуларни инобатга олиб, спорт аренасида ташкил этиладиган хизматлар хилма-хиллигини ошириш мақсадида қурилиши мўлжалланган янги стадион лойиҳаси савдо ва меҳмонхона, конференция заллари, бизнес марказлари, спорт-соғломлаштириш комплекслари, ижтимоий имкониятлари чекланганлар учун қулай тарзда амалга оширилади.
Анжуманда вилоят фаоллари, нуронийлар, депутатлар сўзга чиқиб, мазкур лойиҳа Бухоронинг янги ривожланиш босқичида халқимиз турмуш даражаси, фаровонлиги ҳамда даромадлари янада кўпайишида катта аҳамиятга эга бўлишини алоҳида таъкидлашди.