Сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Олиб борилган ишлар натижаси ўлароқ, одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқмоқда.
Фуқароларни одил судловдан фойдаланиш имкониятини “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи асосида янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонунга асосан, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, апелляция ва кассация инстанция судлари томонидан ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанцияга юбориш бекор қилинди.
Эндиликда, ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги ва ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ҳамда билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги аниқланганда апелляция ёки кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.
Шунингдек, янги киритилган ўзгартиришларга кўра суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари Иқтисодий процессуал Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.
Бундан ташқари, апелляция инстанция судига шикоят (протест) киритиш муддати ўзгармаган бўлса-да, бироқ кассация ва тафтиш инстанцияларига шикоят (протест) киритиш муддатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.
Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин бўлди.
Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, тафтиш тартибдаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг протести Иқтисодий процессуал Кодекснинг 307-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатда киритилиши мумкин.
Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд томонидан, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва тафтиш тартибида шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Мазкур Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, олдинги суд ҳужжатлари устидан шикоят (протест) қилишдан фарқли ўлароқ, келгусида фуқаролар ва юридик шахслар томонидан биринчи интсанцияси судининг суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунига қадар апелляция тартибида ёки қонуний кучга кирган суд ҳужжатларига нисбатан эса кассация тартибида шикоят (протест) қилиш ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Баходир Давлатов, Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси