Қадимги ўзбек давлатларида 3—4 асрлардаёқ марказлашган ҳамда хусусий ҳужжатхоналар мавжуд эди, 14 — 15 асрларда темурийлар, кейинчалик Қўқон, Бухоро ва Хива хонликлари даврида сарой архив кутубхоналари бўлган. 1919 йилдан Туркистон Республикаси Ягона Давлат Архив жамғармаси ва Маориф Халқ комиссарлиги қошида Архив ишлари Марказий бошқармаси, 1930 йилдан Ўзбекистон Марказий Архив бошқармаси вужудга келган.
1931 йилда Ўзбекистон Ягона Давлат Архив жамғармаси бўлимлари ўрнига Марказий архив, 1943 йилда Ўзбекистон Марказий Тарих архиви, 1962 йилда Ўзбекистон кино сурат-овозли ҳужжатлар Марказий Давлат архиви, Ўзбекистон Марказий давлат тиббиёт архиви 1965 йилларга келиб Ўзбекистон Тиббиёт ва техника ҳужжатлари Марказий давлат архивлари ташкил этилган. 1959 йилда Архивлар ишларини уйғунлаштириш ва бошқариш учун Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги қошида Архив бошқармаси тузилган. 1961 йилдан мазкур Бошқарма Архивлар Бош бошқармасига айлантирилиб, Ўзбекистон Министрлар Советига бўй сундирилган. 1992 йилнинг 19 июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармаси деб номланди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят архивлари ҳамда муассасалар тасарруфидаги архивлар унга бўйган. Ўзбекистон Республикасида жами 77 давлат архиви бўлиб, уларда 6 млн. га яқин ҳужжатлар, жумладан 360 мингдан ортиқ сурат ҳужжатлари, 14 мингга яқин овозли ҳужжатлар, 17,5 мингга яқин киноҳужжатлар сақланади. Марказий давлат архивида 13-асрдан бошлаб шу бугунгача бўлган ҳужжатлар бор. Ўзбекистон рассомларининг ишлари Ўзбекистон БА Бадиий жамғармаси, шахсий тўплам ва музейлардан ўрин олган. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва бошқа шаҳарларда Муқимий, Фурқат, Аваз, Ҳамза, Айний, Мухтор Ашрафий, Абдулла Қаҳҳор, Faфур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва бошқаларнинг баъзи архив материаллари уларни уй-музейларида жамланган.
Ўзбекистонда архивларни шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланишда юзага келадиган муносабатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси архив муассасалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 июндаги 252-сонли «Архив иши тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Ушбу Қонун Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган барча архив ҳужжатларини тўлиқ қамраб олишга, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг яхлитлигини сақлаб қолишга ва фуқаролар, жамият ва давлатнинг ижтимоий, маданий, илмий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида архив ҳужжатларини ҳисобга олиш, экспертиза қилиш, рўйхатдан ўтказиш, бутлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг ягона тартибини белгилашга қаратилган. Қонунга кўра, ҳужжатларда Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаёти акс эттирилган барча архив фондларининг мажмуи Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди деб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди давлат ва нодавлат архив фондларидан ташкил топган. Давлат архивларида доимий сақланаётган ҳужжатлар, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, прокуратуралар, судлар, банкларда, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида вақтинча сақланаётган архив ҳужжатлари давлат архив фондини ташкил этади. Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасининг Миллий архив фондига киритиш ёки ҳужжатларни ундан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаситомонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Зина Матсапаева, Хоразм вилоят судининг архив мудири