2013 йилда Германия киноижодкорлари томонидан “Шифокор” (Der medicus) номли фильм тақдим этилади. Ушбу тарихий фильм ёзувчи Нуҳ Гордоннинг шу номли романи асосида яратилган.
Асосий киноқаҳрамон – инглиз шаҳарчасида яшайдиган етим болакай, онаси ичак хасталигидан вафот этганидан сўнг йўлга отланади. Унинг мақсади аниқ – Ибн Синони топиб, унга шогирд тушиш ва онасини бу оламдан олиб кетган касаллик давосини топиш. Бу йўлда у йиллаб масофа босади. Чўлларда оч-наҳор қолиб кетади ва ниҳоят Исфахонда ўша – дунё медицинасининг асосчисини топади.
Фильмга жами 32 миллион доллар харажат қилинади ва даромад кассаси 57 миллион долларни ташкил этади. Яъни фильм ўзини тўлиқ оқлайди.
Яқиндагина Uzmovi тармоғи орқали ушбу кинонинг ўзбек тилидаги варианти тақдим этилди. Бизни ўйлантираётган масала эса умуман бошқа.
Европа ижодкорлари шунчаки Ибн Синонинг шогирдларидан бири ҳақида қарийб 3 соатли фильм ишлаётган бир пайтда бизнинг бу соҳадаги масъуллар нималар билан банд? Наҳотки биз минглаб шогирдлар етиштирган афсонанинг ўзи ҳақида дунёни титратадиган фильм суратга ололмаймиз? Ахир бунга ҳаммадан кўра биз ҳақли эмасмизми?
Балки “бизда шундай боболар бор” деб бонг уришдан ҳали чарчамагандирмиз. Аммо Кинематография агентлиги шу йўсинда давом этаверса, “миллий контент яратиш” ҳақидаги шунча гаплар ҳавога совурилган бўлади. Эртага “Хоразмийнинг шогирди”, “Беруний менсимаган шогирд” каби кинолар намойиши бошланганда ҳам, биз қайнона-келин можароси, бой қиз ва камбағал йигит фожиаси каби мавзулар билан ўралашиб юрган бўламиз…