Ушбу тадбирда вилоятдаги барча банкларнинг бош юристконсультлари, Вилоят адлия бошқармасининг туман, шаҳар бўлими ходимлари, шу сохага дахлдор вилоят прокуратураси бўлим бошлиқлари ҳамда бошқа ташкилот вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари Абдурасулов Салимжон Олимович кириш сўзи билан бошлаб, йиғилиш қатнашчиларига Кодексларга киритилган ўзгартишлар, судларга шикоят қилиш тартиби ҳақида Бухоро вилоят суди судьяларига сўз берди.
Жумладан; Президент томонидан 25.12.2023 йилдаги «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-887,888,889-сонли Қонунлар имзоланди.
Унга кўра,
Ҳужжат билан Фуқаролик процессуал кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди:
Жумладан:
- суд қарорларини қайта кўриб чиқишда тафтиш инстанциясини жорий этиш;
- юқори турувчи судлар томонидан бекор қилинган қарорларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартибини бекор қилиш;
- ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш вазифасини юклатилди.
Бундан ташқари, суд буйруғини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкинлиги,
Шунингдек, аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланиши,
Биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкинлиги белгиланди.
Шунингдек, Иқтисодий ишларни кўриб чиқишда апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинмоқда. Эндиликда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди.
Апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган хал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкинлиги,
Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкинлиги белгиланди.
Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонун билан вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар тафтиш тартибида кўриш босқичи жорий этилиши,
Ишлар тафтиш тартибида Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Олий суд Раёсатида кўрилади. Юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниши,
Шунингдек, ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлиги белгиланди. Ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, аппеляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек, ишни юқори турувчи суд томонидан тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок этиши мумкин эмаслиги,
Процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлади. Келишув битими аппеляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси суди томонидан тасдиқланган тақдирда, ажрим чиқарилиб, иш бўйича илгари қабул қилинган барча суд ҳужжатлари ушбу ажрим билан бекор қилинади ва иш юритиш тугатилиши,
Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида берилиши мумкинлиги,
Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ҳарбий суд номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилиши,
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 1 йил ичида берилиши мумкинлиги белгиланди.
Шамшод Султонов,
Бухоро вилоят суди
катта консультанти