Мамлакатимизда ёш авлоднинг ўсиб-улғайиши, билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбияси, камол топишлари, иқтидорларини намоён этишлари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Дунёнинг турли минтақаларида мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган бир вақтда, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил этиш, ёшларимизни ёт кучлар таъсиридан, бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, жиноятчиликни, айниқса ёшлар орасида содир этлаётган жиноятларнинг олдини-олиш борасида кенг кўламли вазифаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақазо этади.
Шуни айтиш лозимки, ёшларнинг жиноят йўлига киришида, ўзига хос эҳтиёжлари, манфаатлари, ўзаро алоқаларида мавжуд салбий ҳолатлар, табиатида маънавий ва ҳуқуқий қадриятларни менсимаслик мавжудлиги, шунингдек жамиятда, ўқиш ва меҳнат фаолиятида ўз ўринларини топа олмаслиги, таълим ва тарбиясига етарли эътибор берилмаслиги каби ҳолатлар уларнинг турли ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этишларига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 43-моддасининг мазмунига кўра, жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан жазо қўллашдан мақсад уни ахлоқан тарбилаялашдан ва янги жиноят содир этишини олдини олишдан иборат бўлиб, жиноят содир этган шахсга ҳуқуқий таъсир чораларининг ўз вақтида қўлланмаслиги, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи бузилиши, жиноятлар кўпайишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши ёшларга оид ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг янги босқичга олиб чиқди.
Ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишини олдини олиш, улар билан ижтимоий профилактика йўналишида амалга ошириш лозим бўлган қуйидаги вазифалар белгиланди. Жумладан:
– ёш авлоднинг жисмоний, руҳий ва маънавий камол топишига кенг имкониятлар яратиш;
– ёшларни тарбиялашда оила, жамият ва давлатнинг ролини ошириш ҳамда бунга энг муҳим ижтимоий масала сифатида қараш, бола тарбиясининг имкон қадар оилада ота-оналар орқали амалга оширилишини таъминлаш;
ёшлар ўртасида тадбиркорлик ва ишбилармонлик салоҳиятини янада ривожлантиришга кенг шароитлар яратиш;
– ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;
– ёш фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини кўриш; – ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка, юқумли ва бошқа ижтимоий хавфли касалликларга чалинган, руҳий ҳолати бузилган ёш фуқароларни аниқлаш, текширувдан ўтказиш, шунингдек тиббий ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш.
Хулоса қилиб айтганда, ёш авлоднинг билим даражаси, дунёқараши, маънавий қиёфасига қараб жамиятнинг эртанги кунини, мамлакат тараққиёти ва порлоқ келажагини тасаввур этиш мумкин. Бинобарин, юртимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.
Турсунбой Тангриев,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Нодир Ашуров,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси