Яхши ниятлар билан эрта баҳорда барака уруғини қадаган Бухоро вилояти пахтакорлари 400 минг тонналик улкан зафар маррасини забт этишга тобора яқинлашмоқда. Бугун Ромитан тумани кластер ва фермерлари 2023 йил учун етиштирилган пахта хомашёси шартномавий режасини вилоятда биринчи бўлиб адо этишди.
Бундай улкан меҳнат зафари замирида Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухорода ҳам қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётгани, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати, кўп йиллик тажрибаси, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Жорий йил ҳудудда жами 259 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 10 минг 650 гектардан зиёд майдонда саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштирилди. Агар 2022 йилда миришкорлар ялпи хирмони 40 минг 900 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 42 минг 183 тоннадан оширилди. Муҳими, унинг аксарият қисми юқори навларга сотилди. Етиштирилган ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиштириб олиш учун мавсум бошидан 275 та терим отряди шакллантирилиб, улар таркибига 18 мингдан ошиқ кўнгилли теримчи жалб этилди.
Миришкор деҳқонларнинг узоқ йиллик фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси қўл келиб, бугун юксак хирмон барпо қилинди.
Қимматбаҳо саноат хомашёсини бунёд қилишда вилоятдаги етакчи кластер- “BCT cluster” жамоасининг муносиб ҳиссаси бор. Қолаверса, “Қўрғон”, “Янгиобод”, “Халқобод”, “Зарафшон”, “Челонғу”, “Ф.Қурбонов” каби 15 та ҳудудда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари улкан хирмонга катта улуш қўшишди. Жумладан, “Козим бобо”, “Халқобод файз замини”, “Барака бобо”, “Ҳамрообод”, “Акрам”, “Навобод”, “Урганчиёнлик Ҳайдар ота”, “Алиёр”, “Янгиобод 2”, “Сафаробод 98”, “Мақсудбек Диёрбек”, “Суннат”, “Шоди” каби ўнлаб фермер хўжаликларида ҳар гектар ҳосилдорлиги 45 центнердан оширилгани, қолаверса, ҳудудда ҳали биринчи терим давом эттирилаётгани ҳам туманда пахтачиликда илм-фан ва инновацияларга асосланган ҳолда ҳосилдорликни ошириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берганлиги, ҳудудда деҳқончилик маданияти ошганлиги далолати десак, муболаға эмас.
Мавсум давомида илғор теримчи ва отряд раҳбарларининг рағбатлантириб борилгани ҳам муваффақиятга омил бўлди.