Ўзбекистон Републикаси Оила кодексининг 87-моддасига кўра боланинг ҳаёти ва соғлиғи бевосита хавф остида қолганда васийлик ва ҳомийлик органи болани ота-онадан (уларнинг биридан) ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан олишга ҳақлидир. Болани зудлик билан олиш фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг тегишли ҳужжатига асосан амалга оширилади. Бола олинганда васийлик ва ҳомийлик органи тезда прокурорга хабар бериши, болани вақтинча муайян ерга жойлаштириши ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи болани олиш тўғрисида ҳужжат қабул қилганидан кейин етти кун ичида ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уларнинг ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисида судга даъво билан мурожаат этиши шарт.
Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси 1-қисми 14-хатбошисига кўра Туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари ўз ваколатлари доирасида боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғилган ҳолларда уни ота-онасидан ёхуд ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан олиб қўйиш чора-тадбирларини кўради.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 сентябрдаги 269-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги низомнинг 14 ва 15-бандларига кўра Оила кодексининг 87-моддасига мувофиқ боланинг ҳаётига ёки унинг соғлиғига бевосита хавф туғилганда васийлик ва ҳомийлик органи болани ота-онадан (уларнинг биридан) ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан олиб қўйишга ҳақлидир. Болани зудлик билан олиб қўйиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг тегишли далолатномаси асосида амалга оширилади. Бола олиб қўйилганда васийлик ва ҳомийлик органи тезда прокурорни хабардор қилиши, болани вақтинча муайян ерга жойлаштириши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болани олиб қўйиш ҳақидаги далолатномаси чиқарилгандан кейин етти кун мобайнида ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уларнинг ота-оналик ҳуқуқларини чеклаш ҳақида судга даъво билан мурожаат этиши шарт.
Боланинг ҳаёти, соғлиги бевосита хавф остида қолганлиги аниқланганида, васийлик ва ҳомийлик органлари, боланинг аҳволидан келиб чиқиб, унинг отаси (онаси)ни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки чеклаш масаласини ҳал қилиш билан бирга болани ушлаб турган шахслардан, отаси ёки онасидан уни зудлик билан ажратиб олиб, жойлаштириш чораларини кўришга ҳақлидирлар.
Болани унинг отаси ёки онасидан, шунингдек, уни қарамоғига олган бошқа шахслардан олиш фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органининг ҳужжатига асосан амалга оширилади. Болани ота-онасидан ёки қарамоғида саклаб турган шахсдан ажратиб олиш учун бирдан-бир асос бўлган унинг соғлиги ёки ҳаётига оилада вужудга келган хавфли муҳитнинг ўзи кифоядир.
Болани отаси ёки онасидан ёхуд уни қарамоғида асраб турган шахсдан ажратиб олган васийлик ва ҳомийлик органи зудлик билан бу ҳақда прокурорга хабар қилади ва болани вақтинча муайян ерга жойлаштириш чораларини кўради. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан болани олиш ҳақида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан кейин етти кун ичида васийлик ва ҳомийлик органи ёки прокурор даъво ариза билан судга мурожаат қилиши керак. Даъво аризада болага нисбатан унинг ота ёки онасини ёхуд ҳар иккаласини ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уларнинг ота-оналик ҳуқуқларини чеклаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш талабини қўяди. Демак, болага нисбатан унинг отаси ё онасини ёки ҳар иккаласини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш масаласини ҳал қилишдан олдин, хавф остида қолган болаларни олиш ва тегишли жойга жойлаштириш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органига берилган.
Айрим ҳолларда вояга етмаган болаларнинг отаси ёки онасининг руҳий касаллиги уларнинг оилада яшаши ва нормал тарбияланиши учун имконият бермайди. Бундай ота-оналарни ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун ҳамма вақт етарли асос бўлавермайди. Улар фақат касалликлари туфайли болаларини тарбиялаш бўйича мажбуриятларини адо эта олмайдилар, холос. Аммо вояга етмаган болаларни бундай оилада қолдириш ҳам улар учун хавфли муҳитни туғдиради. Бундай ҳолларда, суд боланинг ота-оналарини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмасдан уни олиб, тегишли тарбия муассасаларига жойлаштириш ҳақида қарор чиқариши мумкин.
Болаларни ота-онасидан ёки қарамоғида бўлган бошқа шахслардан олиш масаласи суд томонидан даъво ишларини юритиш тартибида кўрилади.
Болани олиш ҳақидаги даъво ариза васийлик ва ҳомийлик органи томонидан, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан, болани васий ёки ҳомийси, ота-оналардан бири ва прокурор томонидан берилиши мумкин.
Жахонгир Каримов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Ромитан туманлараро суди судьяси