Маълумки, иқтисодий судлар томонидан корхоналарни тўловга қобилиятсиз (банкрот) деб топиш тўғрисидаги ишлар кўрилиб, ҳал қилув қарори қабул қилингандан сўнг корхонани тугатиш ишлари якунлангунга қадар асосан ўзининг табиатига кўра суднинг зиммасига юклатилган функцияларга хос бўлмаган маъмурий-бошқарув функциялари ва вазифаларни бажариб келмоқда.
Бундай вазифалар бирга иқтисодий судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик ишлари доирасида юзага келадиган низолар, хусусан кредиторларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлиги хусусидаги шикоятлари, ўзаро келиб чиққан келишмовчиликлар хусусидаги шикоятлари ва бошқа низолар ҳам кўриб чиқилади.
Бундай ҳолатда иқтисодий судлар учинчи ҳокимият сифатида суднинг низоларни ҳал этиш функцияларига тааллуқли бўлган вазифалар билан бирга, қайсидир маънода ижро ҳокимиятига тааллуқли бўлган давлат маъмурий-бошқарув функцияларини ҳам амалга ошириб келмоқда.
Ваҳоланки, ижро ҳокимияти тизимида ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири – тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш бўлган Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги 404-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисида”ги Низомга кўра, агентлик давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш ва риэлторлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Хорижий мамлакатлардаги тўловга қобилиятсизликка оид ишлар устидан назорат қилиш бўйича тажриба ўрганилганда, АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Канада каби ривожланган давлатларда банкротлик бўйича давлат органи мавжуд бўлиб, унинг ваколатларига ҳар қандай банкротлик иши бўйича судда иштирок этиш, суд бошқарувчиларни номзоди ва уларга ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш, кредиторлар комиссиясини, мулкларни тасарруф этиш, ундан фойдаланиш ва ижарага беришни ташкил этиш, ўзини банкрот деб эълон қилган корхоналарнинг молиявий аҳволи ва активларини текшириш (АҚШ), суд бошқарувчиларни тайёрлаш, уларга маслаҳатлар бериш ва уларни фаолиятини лицензиялаш, суд бошқарувчиларга тўланадиган ҳақ миқдорини назорат қилиш, қарздор корхонанинг маблағлари етишмаганда уларни хизматлари учун қўшимча тўловларни амалга ошириш (Швеция), судда банкротлик иши қўзғатилган ҳар қандай жисмоний ва юридик шахсларни молиявий фаолиятини назорат қилиш ва молиявий ҳолатини ўрганиш, мулки мавжуд бўлмаган қарздорлар ёки жамият манфаатларига даҳлдор банкротлик ишлари бўйича суд бошқарувчи вазифасини бажариш, банкротлик ишлари доирасида жиноят аломатлари мавжудлигини аниқлаш ва судда иш қўзғатиш ташаббусини кўрсатиш, суд бошқарувчилар фаолияти устидан назорат қилиш (Буюк Британия), банкротлик тўғрисидаги қонунга риоя этилишини таъминлаш, банкротлик иши иштирокчилари, биринчи навбатда суд бошқарувчилари фаолиятини, ариза асосида ёки ўз ташаббуси билан тўлиқ назорат қилиш, қонун талаблари бузилган ҳолда кўрсатма киритиш, судда иш қўзғатиш, суд бошқарувчилар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахсга нисбатан банкротлик иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотларни сўров асосида тақдим этиш, қарздорнинг фаолиятини текшириш кабилар (Канада) киради.
Шунингдек, Швецияда банкротлик бўйича давлат органи солиқ ва мажбурий ижро бюроси билан бир тизимда бўлиб, Адлия ва Молия вазирликларини биргаликдаги ваколатларида ҳисобланади. Ушбу органнинг мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлимлари мавжуд бўлиб, банкротлик жараёнларини амалга оширишни тартибга солади ва назорат қилади.
Кўплаб хорижий давлатларнинг банкротлик бўйича давлат органлари ўзини-ўзи маблағ билан таъминловчи орган бўлиб, хусусан банкротлик иши доирасида сотиладиган мулкларни савдосидан тегишли улушни олиши, суд бошқарувчилар фаолиятини лицензиялаш ва уларни ҳар йилда янгилашдан, юридик ёки жисмоний шахсга нисбатан банкротлик иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотларни сўров асосида тақдим этишдан тушган даромадлар ҳисобига маблағ билан таъминланади.
Бундай ваколатларга эга давлат органининг асосий мақсади банкрот корхоналар активларини ва ишлаб чиқариш салоҳиятини тиклаш йўли билан мамлакатни инвестициявий жозибадорлигини ошириш, банкротлик жараёнларида фирибгарлик ҳолатларини олдини олиш бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, кўплаб хорижий давлатларда суд бошқарувчи фаолияти лицензияланадиган фаолият тури бўлиб ҳисобланади.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, суд бошқарувчи фаолияти лицензияланадиган фаолият тури бўлиб ҳисобланмайди.
Суд бошқарувчи фаолиятини тартибга солиш, келгусида қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишини олдини олиш, банкротлик жараёнларини қонун ҳужжатларига мос ҳолда билимли суд бошқарувчилар томонидан олиб борилишига, пировард натижада кредиторлар ҳуқуқларини ишончли имоясини таъминлаш мақсадида суд бошқарувчи фаолиятини лицензияланадиган фаолият турларига киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Биргина Бухоро вилояти иқтисодий судлари томонидан 2020 йилда 335та, 2021 йилда 423 та, 2022 йилда 746 та банкротлик корхоналарини тугатиш ишлари олиб борилиб якунига етказилган. Бу корхоналарни тугатиш ишлари жараёни вилоятда биринчи инстанция судида фаолият юритаётган жами 9та судьялар зиммасида эканлиги ҳамда айрим банкротлик ишлари йиллар мобайнида олиб борилиши инобатга олинса, ишларни кўлами қанчалик кенг эканлиги аён бўлади. Бу ҳолат республикамизнинг бошқа вилоятларида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
Республикамизда тўловга қобилиятсизлик ишларида тугатиш жараёни устидан иқтисодий судлар томонидан назорат олиб борилиши натижасида судьянинг зиммасидаги юкламалар ошиб боришига, бу эса ўз навбатида суднинг асосий вазифаси бўлган одил судловни амалга оширишга салбий таъсир кўрсатишига, айрим ҳолатларда шошма-шошарлик билан хато қарорлар қабул қилинишига олиб келмоқда.
Шу сабабли етакчи хорижий давлатлар амалиётидан келиб чиққан ҳолда иқтисодий судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) тўғрисидаги даъво аризалар кўрилиб, бунда тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд бўлганда қарздорни банкрот деб топиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилиши, шу билан ҳал қилув қарори асосида тугатиш ишларини олиб бориш Давлат активларини бошқариш агентлиги (тегишли вилоят бошқармаси) зиммасига юклатилиши, ушбу орган томонидан банкротлик ишлари (зарур бўлганда кузатув жараёнидан бошлаб) тўлиқ назорат қилиниши, суд бошқарувчини тайинлаши, унга тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаши, банкротлик ишларини олиб борилиши устидан назорат ва мониторинг олиб бориши, зарур ҳолларда, низоли ҳолатлар юзага келганда бошқа кредиторлар каби судда иш қўзғатиши, банкротлик жараёнида юзага келадиган низоли ҳолатлар суд томонидан кўрилиб тегишли ажрим чиқарилиши, тугатиш ишлари тамомлангандан сўнг қарздорни реестрдан чиқарилиши тегишли кредиторлар йиғилиши қарорига асосан Давлат активларини бошқариш агентлиги (вилоят бошқармаси) раҳбарининг хулосаси асосида амалга оширилиши тартибини белгилаш бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклиф этилади.
Бу эса пировардида иқтисодий судларни ижро ҳокимияти ваколатига тааллуқли бўлган давлат маъмурий-бошқарув функцияларини амалга оширишдан озод этиб, суднинг асосий вазифаси бўлган низоларни ҳал этиш функцияларини амалга оширишга, халқимизни суд органларидан янада рози бўлишига замин яратади.
Салимжон Абдурасулов
Бухоро вилояти суди раиси ўринбосари
zo’r