Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бошқа соҳалардаги ижобий ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга ошириб келинмоқда. Судларнинг мустақиллиги таъминланганлиги, судьялар дахлсизлиги рўёбга чиқаётганлиги ушбу ислоҳотларнинг натижасидир. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги, хусусан иқтисодий судлар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳам такомиллаштириб бормоқда.
Мазкур мақолада иқтисодий-ҳуқуқ соҳасининг муҳим институтларидан бири ҳисобланмиш “қўшимча ҳал қилув қарори” ҳақида сўз боради. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 189-моддасига асосан ҳал қилув қарорини қабул қилган суд қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилади, агар:
1) ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирор-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;
2) суд ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, ундириладиган сумма миқдорини, топширилиши лозим бўлган мол-мулкни ёки жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;
3) суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса.
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар қўйилиши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарори ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига ёки суднинг ташаббусига кўра қабул қилиниши мумкин.
Суд томонидан қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала мазкур бобда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масалани кўришга тўсқинлик қилмайди.
Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади.
Масалан, иқтисодий суд ишни видеоконференқалоқа режимида кўрди. Бироқ, якуний суд ҳужжатида видеоконференқалоқа харажатларини ундириш тўғрисидаги масала ҳал этилмасдан қолиб кетди. Ушбу ҳолатда суд ўз ташаббуси қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишга ҳақли бўлиб ҳисобланади. Гарчи, суднинг ўз ташаббуси билан бўлсада, қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахсларни тегишли тарзда хабардор қилган ҳолда кўриб чиқилади.
Мухтасар қилиб айтганда, қўшимча ҳал қилув қарори иқтисодий-ҳуқуқ соҳасининг муҳим институтларидан бири сифатида қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилинишига ва фуқароларнинг судга бўлган ишончини ошишига хизмат қилади.
Фаррух Муродов,
Когон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Иқтисодий судларда қўшимча ҳал қилув қарори ва уни қабул қилиш тартиби
Фикр билдириш
Фикр билдириш