Афғонистон ИШИД учун терроризм майдонига айланди, террорчилик ташкилоти Европа ва Осиёда ҳужумларни режалаштирмоқда ва АҚШга қарши «шубҳали фитналар» тузмоқда. Бу ҳақда Пентагоннинг сиздирилган махфий маълумотларига таяниб, Тҳе Wашингтон Пост хабар берди.
АҚШ разведкаси ИШИД элчихоналар, черковлар, бизнес марказлари, шунингдек, ўтган ёзда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати вақтида ҳужум қилишни режалаштирганидан хабардор бўлган.
Хусусан, жангарилар Швеция ва Нидерландиядаги ўта ўнг фаоллар томонидан Қуръон ёқиб юборилгани учун ушбу давлатларнинг Россия, Туркия, Озарбайжон ва Тожикистондаги элчихоналарига ҳужум қилиш орқали қасос олишни режалаштирган. Ўтган декабрь ойида ИШИД раҳбарияти тўққизта шундай ҳужумни мувофиқлаштирган бўлса, февралга келиб уларнинг сони 15 тага етган.
«ИШИД Афғонистондан ташқаридаги ресурсларга, мақсадли мамлакатлардаги жангчиларга ва кенг шериклик тармоқларига таянадиган ташқи операциялар учун тежамкор моделни ишлаб чиқмоқда», — дейилади Пентагон материалларида.
Пентагон террорчилар хавфсизлик хизматини четлаб ўтиб, террорчилик ҳужумларининг олдини олиш эҳтимолини минималлаштириши мумкинлигини билдирган. Худди шу ҳужжатларда террорчиларнинг «аэрокосмик ва кимё муҳандислиги бўйича маҳоратга эга» Британия фуқароси билан алоқаси тасвирланган.
Британиялик ИШИДга ракеталар, учувчисиз самолётлар ва кимёвий қуроллар яратиш бўйича кўрсатмалар беришни таклиф қилган. Бундан ташқари, Ироқдаги террорчилар гуруҳи Дамашқ университети муҳандислик факультети талабаларини синовдан ўтказган ва уларнинг кўникмалари фойдали бўладими ёки йўқлигини аниқлаган.
«ИШИД террорчилари, барча саъй-ҳаракатларига қарамай, яқин келажакда оддий портловчи моддалар ёки эҳтимол биологик ёки кимёвий қуролларни ъкичик миқёсда ишлаб чиқаришʼ билан чекланади. Чунки уларнинг фаолиятига тажриба етишмайди», — дейилади Пентагон ҳужжатида.
Wашингтон Пост газетаси ошкор этилган маълумотлар республикачи конгрессменлар томонидан Оқ уйнинг АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини танқид қилиш учун ишлатилишини прогноз қилди.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг WПга маълум қилишича, Вашингтон ҳали ҳам «жойларда» доимий қўшинлари бўлмасада, террорчиларни йўқ қилишга қодир ва келажакдаги таҳдидларни бартараф этишда аксилтеррор операцияларини амалга оширади.
Департамент вакили Эндриен Уотсон АҚШ махсус кучларининг Сомалига уюштирган рейдини мисол қилиб келтирди, натижада ИШИД етакчиларидан бири, Афғонистондаги террорчилар ячейкасига таъсир ўтказган Билол ал-Суданий йўқ қилинган.
Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш қарори Доналд Трамп президентлиги даврида қабул қилинган. 2020 йил февраль ойида Вашингтон ва «Толибон» вакиллари 14 ой ичида АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни кўзда тутувчи тинчлик битимини имзолаган. Шундан сўнг Трамп қўшинлар республикани зудлик билан тарк эта бошлашини маълум қилди.
Кейинги президент Жо Байден сайловда ғалаба қозонганидан сўнг келишув шартларини бажариш ниятида эканини маълум қилди. Президент ўз қарорини АҚШнинг йўқотишлари билан изоҳлаган: деярли 2,5 минг америкалик ҳалок бўлган, 20 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Америка контингенти олиб чиқиб кетилиши билан бир вақтда «Толибон» жангарилари Афғонистон ҳокимиятини қўлга киритди. 26 август куни Кобул аэропортида портлаш юз берди. Бу худкуш-террорчи томонидан амалга оширилган. Оқибатда 13 нафар америкалик аскарлар ҳалок бўлди, яна 18 нафари яраланди — бу 2011 йилдан бери АҚШ армиясининг бир марталик энг катта йўқотиши эди. Афғонлар орасида 170 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 150 дан ортиқ киши жароҳат олган. Кейин Оқ уй ҳарбийларни эвакуация қилишни режалаштиришдаги хатоларини тан олган.
Шу билан бирга, сайловда мағлуб бўлган Трамп Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқилишини танқид қилган.
«Афғонистонни тарк этганимиз, менимча, мамлакатимиз тарихидаги энг шармандали воқеа бўлди. Путин, Си Сзинпин ва бошқалар бизнинг қобилиятсиз эканимизни, нима қилаётганимизни билмаслигимизни кўрди, менимча, бу Украинага қарши ҳаракат қилишга ундади», — деган у.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.