Фуқароларнинг 2023 йил 30 апрель кунида ўтказиладиган референдумда иштироки аввало референдум орқали ҳал этиладиган масалани чуқур ўрганилиши ва таҳлил қилиниши ва ҳалқнинг эътиборига етказилишига боғлиқ.
Референдумда референдум ўтказиш кунида 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро(қонунда назарда тутилган айрим истиснолардан ташқари) қатнашиш ҳуқуқига эга.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси 11 та моддадан иборат бўлиб, мамлакат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалаларини тартибга солишга қаратилган.
Конституциявий Қонун лойиҳасининг 1-моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрирда тасдиқланмоқда, хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасининг муқаддимаси янада ривожлантирилиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида қайд этилган, инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият барпо этиш масъулияти акс эттирилган.
Лойиҳанинг асосий принципларга оид биринчи бўлимида (1 — 18-моддалар) Ўзбекистоннинг «суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» сифатидаги ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда (1-модда). Конституция олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши белгилаб қўйилмоқда (15-модда), Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати принциплари «давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги» принципи билан тўлдирилмоқда (17-модда);
Лойиҳанинг инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган иккинчи бўлимида (19 — 64-моддалар) инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — давлатнинг олий мақсади этиб белгиланмоқда (54-модда). Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги (20-модда), инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда (26-модда).
Инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилмоқда. Хусусан, экология (49-модда), соғлиқни сақлаш (48-модда), гендер тенглик (58-модда), эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш (32-модда), шахсий маълумотлар ҳимояси (31-модда), танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш (51-модда), бепул юридик ёрдам олиш (29-модда), давлат хизматига киришда тенглик (37-модда), уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш (47-модда), банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши (41-модда), дам олиш (45-модда), тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олиш (48-модда), қонунчиликка оид таклиф киритиш (98-модда) каби янги конституциявий ҳуқуқлар киритилмоқда.
Лойиҳанинг жамият ва шахс ҳақидаги учинчи бўлимида (65 — 82-моддалар) бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш (65-модда), қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш (67-модда) ҳақидаги қоидалар мустаҳкамланмоқда. Мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши (65-модда), товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда (67-модда).
Оила, болалар ва ёшлар ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиб, давлатнинг бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш (77 ва 78-моддалар), ёшларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича масъулияти белгиланмоқда (79-модда).
Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кафолатлари мустаҳкамланиб, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда, улар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда (81 ва 82-моддалар).
Лойиҳанинг маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши масалаларига тааллуқли тўртинчи бўлими (83 — 90-моддалар) амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдирилмоқда, ушбу моддаларга ўзгартириш киритилмаган, фақатгина Конституция моддаларининг сони кўпайганлиги муносабати билан ушбу моддаларнинг тартиб рақами ўзгармоқда.
Лойиҳанинг давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши тўғрисидаги бешинчи бўлимида (91 — 153-моддалар) парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда. Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасига ўтказилмоқда (94-модда). Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ваколатлари Сенатга ўтказилмоқда. Хусусан, Бош прокурор, Ҳисоб палатаси, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши, монополияга ва коррупцияга қарши курашиш органлари раҳбарлари ҳамда Судьялар олий кенгашининг барча аъзолари Сенат томонидан сайланиши амалиёти жорий этилмоқда (95-модда).
Ҳукуматнинг Олий Мажлис ва Президент олдидаги жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини Президент томонидан белгилаб бериладиган ижро этувчи ҳокимиятнинг асосий йўналишлари доирасида амалга ошириши (114-модда), Бош вазир номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этилиши, Ҳукумат аъзолари қуйи палата розилиги билан лавозимга тайинланиши белгиланмоқда, Қонунчилик палатасига Ҳукумат аъзосининг ҳисоботини эшитиш ва уни истеъфога чиқариш тўғрисида таклиф киритиш ваколати берилмоқда (118-модда). Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш ваколати чиқарилмоқда (120-модда).
Судьялар дахлсизлиги ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги (136-модда), уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши (140-модда) каби конституциявий нормалар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяларининг ваколат муддати ўзгартирилмоқда. Хусусан, амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари биринчи марта беш йилга, кейин ўн йилга сайланса, янги тартибга кўра судьялар қайта сайлаш ҳуқуқисиз ўн йил муддатга сайланади (132-модда). Бу норма Конституциявий суд судьяларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасида акс эттирилаётган юқорида қайд этилган ва бошқа ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларида назарда тутилган мажбуриятларига мувофиқдир.
Конституциявий Қонун лойиҳасининг 2 — 7-моддаларида унинг кучга кириши, тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат ҳокимияти органлари ва давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши тартиби ва муддатлари баён этилган. Хусусан, Конституциявий Қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ва ушбу шахслар мазкур Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар бошқа фуқаролар билан тенг равишда Конституция, шу жумладан ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Конституция, талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда. Яъни, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида сайлаш (тайинлаш) тартиби ва (ёки) муддати ўзгараётган барча давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига бу қоида тегишли.
Демак, мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар Конституциянинг 7-моддасида белгиланган халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир, деган концептуал қоидага мувофиқ равишда халқ муҳокамасига тақдим этилиб, референдумга қўйилиб, халқ томонидан қўллаб-қувватлансагина, конституциявий-ҳуқуқий аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси референдумида «Сиз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?» деган саволга жавоб бериш орқали фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Баходиржон Эргашев,
Бухоро вилоят суди судьяси