Она ўзининг бир парчасини вужудида тўққиз ой кўтариб юрар экан, келажакка бўлган бир олам орзулар билан фарзандини дунёга келтиради. Ўзи эришолмаган марраларга фарзанди етишиши учун борини беради. Кун келиб, ўз дилбанди қўлидан ўлим топиши эса етти ухлаб тушига ҳам кирмаса керак…
Яна бир баҳорга етганига шукр қилиб уйқуга ётган она янги тонгни кўролмаслигини билмасди. Ярим тун! Шу кеча яширилган «сир» эса кишини ларзага солмай қўймайди. Айни шу тунда ўғил ўз онасини ўлдиришга қасд қилганди. Бир муддат аввал эса ўғил онасини бегона эркакдан рашк қилиши оқибатида ўзаро келишмовчилик юзага келган. Натижада ўтмас жисм билан онасининг бош қисмига бир неча марта уриб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан унинг ўнг томон бўйин орқа юзасини санчиб-кесиб, қасддан ўлдирган.
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили тариқасида сўроқ қилинган маҳалла раисининг баён қилишича, кўп қаватли уйдаги хонадонда марҳума ва ўғли истиқомат қилишган. — Судланувчи ақли заифлиги сабабли, ўзини ноодатий равишда тутиб келган. Шу боис маҳаллада ёки уйда турли номақбул ишларни қилиб қўймаслиги учун бир неча марта ўғлини руҳий даволаш муассасасига жойлаштириш тўғрисида айтганимда, «ўғлим якка, уни жамиятдан ажратмасликка ҳаракат қиламан», деганди. Бироқ бу оила нотинч ёки муаммоли оилалар туркумига кирмаган. Оила ўзига тўқ яшаган. Бир неча марта судланувчини ишга жойлаштирилган. Бироқ судланувчи келажаги учун пойдевор қилишга ҳаракат қилмай, ишламаслигини маълум қилган. Онаси эса уни ўзи боқишини айтган. Бир неча ой аввал марҳума ва ўғли ўзаро жанжаллашиб қолишганди. Улар подъездда жанжаллашишаётганда маҳалла фаоллари ва маҳалла нозири уларга тушунтириш беришимизга қарамасдан, ҳаттоки маҳалла нозирининг талабларига бўйсунишмаган. Жанжал сабаби эса судланувчи онасининг ҳаётига аралашиб, эркак киши билан учрашгани учун уни қизғанган ва уришган. Улар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги боис жавобгар ҳам қилинган. Бироқ судланувчи юриш-туришини тўғриламаган. Маҳалла фаоллари ва нозир билан маслаҳатлашиб, ўша вақтда руҳий даволаш мақсадида психиатрик наряд чақирилиб, даволашга жўнатилган. Орадан 40 кун ўтгач, судланувчи даволанишдан чиққан, лекин номақбул ҳаракатлари йўқолмаган. Воқеа содир бўлган куни бир фуқаро судланувчининг тунги соат 02:30 ларда уйнинг ертўласида фонарь билан юрганини кўрган экан, – деди қонуний вакил.
Гап шундаки, ўғил содир этган жиноятини яшириш мақсадида онасининг жасадини ўзи яшаб келаётган хонадоннинг ертўласига кўмиб қўйган. У жинояти фош бўлишидан қўрқиб, профилактика инспекторига онасини қидириб топишда ёрдам сўраб мурожаат қилади. Унинг мурожаатига асосан тезкор қидирув ходимлари томонидан аёлнинг яшаш хонадони ертўласи кўздан кечирилганда жасад қотиллик аломатлари билан топилган.
Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг ўлими бош мия ёпиқ жароҳати фонида, бўйин қон томирлари ва юмшоқ тўқималарининг шикастланишига олиб келган ва бўйин орқа юзаси ўнг томонлама кесилган яраси оқибатида келиб чиққан ташқи қон йўқотишдан юз берганлиги аниқланган.
Суд психотрик экспертизасининг хулосасига кўра эса судланувчи руҳий соғлом деб топилган.
«БИР АМАЛЛАБ ЕРТЎЛАГА СУДРАБ ОЛИБ ТУШДИМ»
Судда судланувчи ўғил айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. — Ўша тунда онам ухлашимни, эртаси куни эрталабдан бозорга тушишимизни айтди. Ярим тунда уйғониб кетдим, соат 02:00 эди. Онам менга идишда сув олиб келди ва «ичиб ол», деди. Косадаги сувни ичиб, ухлаб қолдим. 20 дақиқа ўтгач яна уйғондим. Ўша вақт онам мени ураётганини англадим. Бу ҳолат уйнинг меҳмонхонасида содир бўлди. Онам балкондан темирдан ясалган идишни олиб келиб, тизза ва оёқларимга урди ва ошхона пичоғини кўтариб келди, менга тиқмоқчи бўлди. Пичоқ ушлаган қўлидан ушлаб, ошхонага қамаб қўйдим. У ердан чиқиб, пичоқ билан ташланмоқчи бўлди. Ўша вақт қўлидан ушлаб олдим ва онамни ўлдириш мақсадида пичоқни унинг бўйин қисмига тиқдим. Шу пайт онам йиқилиб, пешонаси билан деворга урилди. Ерга йиқилди, боши пастга қараган ҳолда ётарди. Унинг бошини орқа қисмидан ушлаб турдим, бўйин қисмидан қон кета бошлади.
Онам қўлимдан чиқмоқчи бўлди, мен эса бошини ерга қаратиб бир неча марта урдим ва жони узилганини сездим. Бу воқеа ошхонада содир бўлди. Жасадни уйдан йўқотиш мақсадида кўтаришга ҳаракат қилдим. Вазни оғирлиги сабабли кўтаришга қийналдим. Кўтаришга қулай бўлиши учун қўл-оёқларини ертўладан олиб чиққан эски латта бўлаги билан боғладим ва судрашга қарор қилдим. Уйдан ташқарига чиқиб ён атрофни кўздан кечирдим. Ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, ертўлага мурдани кўмиш мақсадида чуқур қазиб тайёрладим. Қўлларидан тортиб, подъездга олиб чиқдим, мурдани бир амаллаб ертўлага судраб олиб тушдим. Тайёрлаб қўйилган ертўла ичидаги чуқурга кўмиб ташладим. Ҳеч ким билмаслиги учун устини ёпиб қўйдим. Ошхонадаги қон изларини йўқотиш мақсадида кўрпача, палас, хонтахта ва стулдаги қон доғларини нам латта билан тозаладим. Латта ва устимдаги кийимларни ечиб, уларни ювдим. Қон доғлари бўлган пакетларни ҳам мусор идишга ташлаб юбордим. Орадан 2-3 кун вақт ўтгандан сўнг Ички ишлар органи ходимларига бориб, «онам йўқолиб қолди», дедим, аммо ўлдирганимни гапирмадим. Улар томонидан яшаш хонадонимнинг ертўласи кўздан кечирилганда, онамнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди ва айбимни тан олдим, – дейди қилмишидан пушаймонлигини баён қилган судланувчи.
Абдулла Абдулхаев, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси:
— СудланувчиЖиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.