Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кучайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ҳам соҳада амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Қайд этиш жоиз, 2020 йилда маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идораларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топишга доир 6 920 та иш кўриб чиқилган, улардан 5 257 таси қаноатлантирилган. 2021 йилда эса, ушбу рақамлар кўрилган ишлар бўйича 5 761 тани, қаноатлантирилгани 3 538 тани ташкил этган.
Ушбу статистик кўрсатгичлар таҳлил қилинганда, маъмурий судлар томонидан мазкур тоифадаги низолар бўйича кўриб чиқилган ишларнинг аксарияти айнан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли бўлган мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган аризалар ҳиссасига тўғри келганини кўриш мумкин.
Бу ҳолат мазкур тоифадаги низолар бўйича давлат божи миқдорини камайтириш орқали фуқароларга одил судловга эришиш учун янада кўпроқ имконият яратиш, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини судлар орқали ҳимоя қилинишини кенгайтириш ҳамда қонунчилигимизга тегишли ўзгартишлар киритишни тақазо қилаётган эди.
Ушбу қонун билан давлат божи тўғрисидаги қонунга қўшимча киритилиб, унда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлиги устидан ўзларининг қонуний манфаатларини, бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божи тўлови бўйича белгиланган ставкани икки баробарга камайтириш яъни белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида бож тўлови тўлаш имконияти белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.