Қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини, умумбашарий цивилизация, маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга безавол етказиш, уларнинг нодир меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан “Ҳар бир маҳаллага китоб” лойиҳаси ташкил этилди.
Азалдан юртимизда китоб қадрланган.
Ҳар бир оилада шахсий кутубхона бўлган. У хонадонларнинг тўридаги токчалардан жой олган. Чунки китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида фонд томонидан Вобкент тумандаги 34 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 26 номдаги 1 мингдан ортиқ нодир китоблар тўплами ажратилди. Китоблар ҳеч қачон ўз ўрнини йўқотмайдиган буюк куч бўлиб, маҳаллаларга топширилган китоблар ҳар бир маҳалланинг мўъжазгина кутубхонасидан ўрин олади, ундан аҳоли кенг фойдаланади.
Зеро, бу адабиётлар бугун халқнинг маънавияти юксалиши учун энг зарур манбадир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат Вобкент туман бўлими раиси Р. Қулиев. –Тумандаги маҳаллаларга етказилган китоблар тўплами, ҳар бир маҳаллада ўз кутубхонасини ташкил қилиш, аҳолини китобга бўлган қизиқишини орттириш, маҳалла аҳлининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва маҳаллаларнинг маънавий хазинасини янада бойитишга хизмат қилади.