БАРҚАРОРЛИК УЧУН ДОИМ ОГОҲЛИК КЕРАК
Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз.
Шавкат Мирзиёев
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга қаратилганини кўриб турибмиз. Барча жабҳаларда аҳолининг розилигига эришиш, фаровонлигини таъминлаш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди. Яқинда эълон қилинган Мурожаатномада ҳам Президентимиз шу ҳақида сўз юритиб, жумладан, бундай деди: “Эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр — Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга, албатта, эришамиз”.
Бу марраларга етиш учун, шубҳасиз, юксак билим ва тафаккур зарур. Уларни эгаллаш учун мустаҳкам пойдевор эса таълим-тарбия муассасаларида босқичма-босқич қўйиб борилади. Давлатимиз раҳбарининг “Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деган юксалишга даъват этувчи чорлови кенг жамоатчилик, айниқса, ўқитувчи ва мураббийлар юрагида акс-садо беряпти.
Барча соҳа раҳбарлари ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қиляпти, улар билан ҳисоблашмоқда. Педагогларнинг мақоми, ҳаёт тарзи, меҳнат фаолияти учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Таълим соҳасидаги тарихий ўзгаришлар энди Бош қонунимизда мустаҳкамланади, кафолатланади. Бу эса ўқитиш сифатини яхшилаб, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори бўлмиш ёшларни камолга етказишда мустаҳкам замин бўлади.
Президентимиз ҳар гал буюк алломалар, айниқса, жадид боболаримизнинг меҳнати, заҳматини фахр билан тилга олиб, уларнинг сўзларидан иқтибос келтиради. Бу гал ҳам “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, – дея дунёнинг кўпгина ривожланган давлатлари тараққиётига сабаб бўлган ҳақиқатни эсга олди. Бугун юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар тарихий ҳақиқатларни англаш, маърифатпарвар боболаримизнинг ҳаётини чуқур ўрганиш имкониятига эга. Бу борадаги амалий ишлар янада кенг миқёсда давом эттирилиши Мурожаатномада ҳам таъкидланди.
Юртимиздаги барча соҳаларда интеграциялашув имконияти кенгаймоқда. Жумладан, “маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлиги” жадал йўлга қўйиляпти. Зотан, барча саъй-ҳаракатлар оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигидан бошланиши кўп бор тилга олинади. Ҳақиқатан, ўзбек маҳаллалари тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонига айланиб улгурди.
Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мақсадли ташкил этиш учун беш ташаббус олимпиадалари ташкил этиляпти.
Ўғил-қизларнинг турли касб-ҳунарларни ўрганиши, жисмонан соғлом, маънан етук бўлиши учун етарли шароитлар яратилмоқда. Бу ёшларни юксалишга, сифатли таълим-тарбия олишга ундаётир.
Давлатимиз раҳбари “Энг бебаҳо олий неъмат — тинчлигимиз ва осо-йишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик!”, – дея тинчликнинг қадрини яна бир карра эслатиб ўтди. Шубҳасиз, осойишталик, хотиржамлик — энг олий неъмат. Дунёнинг турли минтақаларидаги нотинчлик, уруш, геосиёсий, мафкуравий, ғоявий таҳдид ва хавотирлар бу неъматнинг қадрини янада оширмоқда. Шукрки, давлатимизда тинчликпарвар, тотувликка асосланган сиёсат юритилаётгани, халқпарвар ислоҳотлар туфайли осмонимиз мусаффо, тинч. Мана шу барқарорлик учун курашиш, огоҳ бўлиш ҳар доимгидан муҳим.
Шу боис, тинч-осуда ҳаётимиз бардавомлиги учун нафақат масъул ташкилотлар, балки биз — олий таълим муассасалари мутасаддилари ҳам ҳамжиҳат бўлиб, ёшларимизни Ватанни севиш ва ардоқлашга ўргатишимиз, эришаётган ютуқларимизга шукроналик руҳида тарбиялашимиз шарт.
Азизбек АМОНОВ,
Бухоро давлат университети 1-проректори,
социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)