Гриппни даволаш шифокор назоратида олиб борилади. Ётоқ режимига риоя қилинади. Беморни даволашда махсус парҳез тайинланмайди. Лекин иштаҳанинг пасайганлигини эътиборга олган ҳолда, одатда, кўпроқ суюқ таомлар буюрилади. Яна турли суюқликларни ичиш тавсия қилинади. Лимон, малина ва турли мурабболар солинган чойлар, асал қўшилган чой, хонадонда тайёрланган шарбатлар илиқ ва иссиқ ҳолда тез-тез ичиб турилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, илиқ ҳолда газсиз минерал ва қайнатилган сув ҳам ичиб туриш зарур.
Гриппда фойдали маҳсулотлар:
- Товуқ шўрва: яллиғланиш ва бурун тиқилишига олиб келувчи ҳужайра-нейтрофиллар ривожланишига йўл қўймайди;
- саримсоқ: таркибида бактерия, замбуруғ ва вирусларни ўлдирувчи аллитсин моддаси мавжуд;
- зираворлар (занжабил, долчин, хантал, кашнич): қон томирларининг торайишига олиб келувчи тана ҳарорати юқори бўлганда яхши наф берувчи терлашни кучайтиради ва нафас олиш ҳамда ютинишни енгиллаштиради;
- таркибида рух моддаси бўлган маҳсулотлар (гўшт, тухум, денгиз маҳсулотлари, ёнғоқлар);
- C витаминига бой маҳсулотлар (папайя, цитрус мевалар, апельсин шарбати, сариқ ёки қизил гармдори, қулупнай, помидор ва батат);
- Э витаминига бой маҳсулотлар (маккажўхори мойи, бодом, балиқ мойи, денгиз қисқичбақаси, ўрмон ёнғоғи, махсар мойи, ёнғоқ мойи, кунгабоқар уруғи ва лосось балиғи гўшти).