Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланган Конституциямизнинг
44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Ўзбекистон Республикаси Фукаролик кодексининг 210-моддасига кўра белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилаётган янги уй-жойга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Мулкий ҳуқуқни амалга ошириш турли манфаатларнинг ўзаро тўқнашуви билан уйғун ҳолда юз бериши сабабли унинг оқибатлари низоли ҳолатлар юзага келиши эҳтимолини истисно этмайди. Бундай ҳолатда мулкий муносабатларнинг ҳалол ва инсофли иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан уларнинг ушбу жараённи тартибга солувчи қонун нормаларига қатъий риоя қилишлиги билан боғлиқдир.
Мазкур низоларнинг вужудга келиш сабаблари ўрганилганда, улар
аксарият ҳолларда муносабат иштирокчиларининг мулкий масалалар бўйича
қонун ҳужжатларини яхши билмасликлари, шартномавий мажбуриятларнинг
ижросига бефарқ қарашлари, қонунда ёки шартномада белгиланган ҳуқуқ ва
бурчларини тўла англаб етмасликлари туфайли келиб чиқаётганлиги кўринади.
Айниқса, айрим жисмони ва юридик шахслар томонидан фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судига умумий мулкни бўлиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ва қурилган иморатларни бартараф этиш, умумий мулкдан ва мерос мулкдан улуш ажратиш каби даъво аризаларни тақдим этишда, даъвогарлар томонидан мол-мулкга нисбатан ҳуқуқининг вужудга келганлигига аҳамият бермасдан даъво аризалари тақдим этилиши кузатилмоқда ва мазкур даъво аризалари суд томонидан даъвогарнинг мулкига нисбатан ҳуқуқ туғдирувчи ҳужжати мавжуд бўлмаганлиги сабабли рад этилган.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик ишлари бўйича судларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан даъво аризалари тақдим этилганда юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олингандан кейин, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилаётган янги уй-жойга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келишини инобатга олиб тақдим этилса мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Файзилло Кадиров,
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг судьяси