Деҳқоннинг ҳар бир куни иш машаққати ва меҳнат завқи билан ўтади. Аммо йилда икки кун борки, унинг қувончи ва ҳаяжони ўзгача. Бири – ерга уруғ қадаган куни бўлса, яна бири – меҳнатининг меваси хирмонга тўпланган палла. Бугун – 2022 йилнинг 12 ноябрь куни вилоятимиз деҳқон-фермерлари учун ана шундай қувончли кун.
Бугун бухоролик фидойи, заҳматкаш ва омилкор бободеҳконлар республикада илғорлар қаторида давлатга пахта хомашёси сотиш режасини бажарди. Воҳа пахтакорлари бу йил мўл ҳосил етиштириб, 357 минг 685 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этди. Ҳосилнинг аксарият қисми юқори навга сотилди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда вилоятимиз қишлоқ хўжалиги тармоқларида эришилаётган муваффақиятлар салмоғи ортиб бормоқда. Масалан, биргина 2021 йилги деҳқончилик мавсумида вилоятда 345 минг тонналик “оқ олтин” хирмони бунёд қилинган бўлса, бу кейинги 20 йилда эришилган энг юқори кўрсаткичдир. Айнан 2021 йилда гектарида ўртача 36,3 центнер ҳосил олингани эса деҳқон–миришкорлар заҳматли меҳнатидан далолатдир. Бунинг натижасида фермер хўжаликлари қўлга киритган ялпи даромад салмоғи 3 триллион 600 миллиард сўмдан ошди. Пахтачилик тармоғида эришилган соф фойда эса 750 миллиард сўмдан зиёд бўлди.
Эътиборлиси, ҳар йилги анъанага содиқ қолаётган воҳамиз миришкорлари бу йилги деҳқончилик мавсумини пахта ва ғаллачиликда бунёд қилинган юксак хирмонлар билан бирга, пиллачиликда, қолаверса, аҳоли дастурхони учун мева–сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда ҳам мамлакатда илғорлар сафида, салмоқли даромад билан якунламоқдалар.
Бултур биргина пахта теримига 586 миллиард 700 миллион сўм нақд пул берилди. Ғалла ҳосилидан 328 миллиард 300 миллион сўм, ипак қурти боқиш ҳисобидан 72 миллиард 600 миллион сўм, такрорий экинлардан эса 918 миллиард сўмдан ошириб даромад олинди.
Жорий йил деҳқончилик мавсумида қўлга киритилаётган мўмай фойда миқдори ўтган йилгидан асло кам эмас.
Шу кеча-кундузда Бухоро вилояти пахтакорларининг бунёд этган “оқ олтин” хирмони 357 минг 685 тоннага етказилгани сўнгги йилларнинг нисбатан салмоқли ҳосилидир. Негаки, бу миқдор 2020 йилги хирмондан 57 минг тонна, ўтган йилгидан 12 минг 650 тоннага кўп. Бошқача айтганда, мавсум якунига келиб вилоятнинг барча тумани, хусусан, 200 тадан ортиқ ҳудуд ва улардаги жами 2 минг 700 дан ортиқ фермер хўжалиги шартномавий режани ортиғи билан бажарди. Кўзланган “оқ олтин” хирмони юксалишида айниқса, Шофиркон, Қоракўл, Ромитан, Ғиждувон, Вобкент, Когон, Пешкў, Бухоро, Қоровулбозор тумани деҳқонларининг ҳиссаси жуда катта бўлди.
Бу бухороликлар учун катта ғалаба, албатта. Чунки ерларнинг шўрланиш даражаси юқорилиги, мелиоратив ҳолатининг барқарор эмаслиги, ноқулай об-ҳаво шароити маҳаллий деҳқон фермерлер учун пахта ҳосилини етиштириш, парваришлаш ва йиғиб олишда бирмунча қийинчиликлар туғдиргани сир эмас.
Албатта, ҳеч бир зафар ўз-ўзидан ёки тасодифий келмайди. Пахтачиликдаги бу меҳнат ғалабаси давлатимиз томонидан ер эгалари учун яратиб берилаётган шароитларнинг мевасидир. Бундай улкан меҳнат зафари замирида Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухорода ҳам қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётгани, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати, кўп йиллик тажрибаси, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Вилоятимизда етиштирилган ялпи “оқ олтин” ҳосилига “Яккатут” пахтачилик, ғаллачилик, шоличилик ва уруғчилик кластери, “Бухоро агрокластер”, “Мергантекс”, “ Қоракўл кумуш калава”, “Парвоз Хумо Равнақ транс”, “BCT кластер агрокомплекс”, “WBM Ромитекс”, “Баҳор ченч текстиль”, “Бухоро зарҳал текс” каби пахта-тўқимачилик кластерларининг ҳиссаси катта бўлди. Мазкур агрокластер субъектлари фьючерс тартибида, фермер хўжаликлари билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаган. Бошқалардан фарқли томони, ҳар бир ҳудудда етиштирилган пахта ҳосили шу ернинг ўзида “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойилига мувофиқ, қайта ишланади.
Юқори ҳосил олишнинг муҳим жиҳатлардан бири ерлар мелиоратив ҳолатининг яхшиланиши ҳамда тупроқ-иқлим шароитига мос навларнинг танланганидир. Жорий деҳқончилик мавсумида ҳудудда 106 минг гектар ерда асосан “Бухоро-6”, “Бухоро-8” ҳамда “Бухоро-10” истиқболли навлари асосида катта хирмон кўтарилган бўлса, унинг қарийб 300 минг тоннаси, яъни 96 фоизи биринчи, сара навга қабул қилинди. Қолаверса, уруғлик пахта етиштириш ҳажми 3 минг 838 тоннани ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, вилоятда деҳқончилик маданияти, айниқса, пахтачиликда ўзига хос тажриба мактаби яратилгани, бевосита пахтачиликка ихтисослашган 3 мингдан ошиқ фермер хўжалигида ерни экишга тайёрлаш ва чигитни бир маромда ундириб олиш жараёнидан бошлаб, ишнинг тўғри ташкил қилинганлиги, қатъий меҳнат интизоми, агротехник тадбирларнинг кечиктирмасдан олиб борилгани якунда умумий муваффақиятни таъминлади.
Бу йилги пахта йиғим-терими мавсумига ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Меҳнат унумдорлиги ва иш сифати биринчи навбатда ишчилар учун яратилган қулай иш шароити ва уларнинг саломатлиги, моддий ва маънавий манфаатдорлигига боғлиқ. Шу сабабли ҳам жорий йилги терим мавсумида теримчиларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларга муносиб меҳнат шароити яратиш масалалари катта эътибор қаратилди.
Куз фаслининг илк кунларидан уюшқоқлик билан бошланган йиғим-терим мавсумида жами 2 минг 100 дан ошиқ терим отряди 130 мингдан ортиқ теримчини ўзида бирлаштирди. Улар учун далада иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароит ҳозирлангани, териб топширилган ҳар килограмм пахта учун биринчи теримда 1500 сўм, иккинчи теримда эса 2000 сўмгача терим пули берилгани кўзланган хирмонни сифатли йиғиб олиш имконини берди ва бу жараёнда фермер хўжаликларига яқиндан кўмаклашган кўнгилли теримчилар моддий манфаатдорлиги оширилди.
Терилган пахтани тайёрлов пунктларига ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш мақсадида зарур техника воситалари жалб этилди. Теримда ёнилғи маҳсулотлари таъминотида узилиш бўлмаслиги учун керакли даражада захира яратилди. Шунингдек, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини бевосита даланинг ўзига етказиб бериш учун ёнилғи тарқатиш агрегатлари ишга тўлиқ шай қилиб қўйилди. Бахтсиз ходисалар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида ёнғин ва техника хавфсизлиги бўйича зарур чоралар кўрилди.
Пахтачилик мавсумида Шофиркон туманидан “Дўрмон” ва “Вардонзе”, Ромитан туманидан “Челонғу” ва “Халқобод”, Қоракўл туманидан “Сайёд” ва “Дарғали”, Ғиждувон туманидан “Армечан” ва “Зарафшон”, Вобкент туманидан “Қўнғирот”, “Имомқозиқон” ва “Хайработча” ҳудудлари раислари йил давомида фидойилик намунасини кўрсатиб, шундай мураккаб йилда ўз ҳудудлари режасини 110 фоиздан орттириб бажарилишини таъминладилар.
Шунингдек, Шофиркон туманидан “Баҳодир Нодир” фермер хўжалиги ҳар гектар майдондан 53 центнер, “Олимжон Оқ Олтин” фермер хўжалиги 50 центнер, Ромитан туманидан “Олтин Хирмон” фермер хўжалиги 56 центнер, “Мўминабону Аброр” фермер хўжалиги 55 центнер, Қоракўл туманидан “Самад Бешим” фермер хўжалиги 56 центнер, “Оқ Олтин Нурли Замини” фермер хўжалиги 50 центнер, “Ширин Темир Янгиобод” фермер хўжалиги 50 центнер, Вобкент туманидан “Яҳёев Жамил Яҳёевич” фермер хўжалиги 55 центнер, “Элач Шабнами” фермер хўжалиги 55,8 центнер, Когон туманидан “Элёр” фермер хўжалиги 49 центнер, “Оққош Бўрон” фермер хўжалиги 48 центнер, “Савр” фермер хўжалиги 43 центнер, Ғиждувон туманидан “Дилшод Мироншоҳ” фермер хўжалиги 46 центнер, “Оқилжон Муқимжон” фермер хўжалиги 51,8 центнер ҳосил олишга эришди. Шу тариқа мазкур фермер хўжаликлари бир гектар майдондан 45-50 млн.сўм даромад олишни таъминладилар. Бундан кўринадики, хўжаликларнинг қўлга киритаётган иқтисодий фойдаси ҳам қилинган меҳнатларига яраша бўлмоқда.
Бундан кўринадики, хўжаликларнинг қўлга киритаётган иқтисодий фойдаси ҳам қилинган меҳнатларига яраша бўлмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сув манбаларидан оқилона фойдаланиш, суғоришда янги тежамкор технологияларни қўллашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бошқача айтганда, дунё мамлакатларида ҳар томчиси тиллога тенг “оби ҳаёт”ни тежаб сарфлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда бизда ҳам жорий йилдан, вилоят миқёсида 25 минг 540 гектар ғўза парваришланган ерда томчилатиб суғориш тизимига ўтилди. Бу жараёнда махсус технология–насос, фильтр, қувурлар ва бошқа таъминот сарф-харажатига 587 миллиард 425 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Сув танқис бўлган ҳудудлар мисолида олсак, Ромитан, Шофиркон, Ғиждувон, Қоракўл, Вобкент туманларида томчилатиб суғориш тизими кенг жорий қилинаётгани ўз самарасини бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда пахтачилик тармоғида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўзини оқламоқда. Қўлга киритилаёттган соф фойда салмоғи эса оширилмоқда. Эришилаётган бу каби муваффақиятларимиз эса халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга сарфланади.