5 сентябрь куни Ромитан тумани “Янгиобод” ҳудудида жойлашган “Янгиобод” пахта қабул қилиш масканида жорий мавсум пахта ҳосилининг дастлабки карвони тарозидан ўтказилган эди. Эҳсон тадбирида дуои фотиҳа қилиниб, эрта баҳордан етиштирилган ҳосилни беталофат йиғиштириб олиниши, баракали хирмон уюлиши тиланган эди. Астойдил ҳаракат ва тинимсиз меҳнатлар самарасида қисқа фурсатда яхши ниятлар ижобат бўлди.
Туман бўйича 194 та терим отрядига бирлашган маҳаллаларнинг уюшмаган аҳолиси, фидойи ёшлар отрядлари, фермер хўжалиги аъзоларидан иборат теримчиларнинг қилган меҳнати натижасида кўзланган хирмон яратилди. Вилоятда иккинчи бўлиб 41600 тонналик режа ортиғи билан 100,1 фоизга уддаланди. Ўтган йилга нисбатан ҳар гектаридан 5-6 центнердан юқори ҳосил олишга эришилди.
Бугунгача фермер хўжаликларининг 85 фоизи маррага етиб келган бўлса, уларнинг аксарияти биринчи теримдаёқ ваъдани бажардилар. Дарҳақиқат, бу хушхабар туман пахтакорларига беҳад хурсандчилик улашмоқда.
Пахта топшириш шартномавий режасини бажариш бўйича вилоятда пешқадамлар бўлиш эътирофга лойиқ.
Мавсум давомида терим пулини ўз вақтида узлуксиз етказиб бериш чораси кўрилди. Ҳашарчиларни рағбатлантириш ва руҳлантириш мақсадида мавсум давомида илғор теримчи ва отряд раҳбарларига туман ҳокимлиги ва қатор давлат, жамоат ташкилотларининг қимматбаҳо совғалари бериб борилди. Агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилгани туфайли далаларимизда кўзни қувонтиргулик мўл ҳосил яратилди.
Туманимиз пахтакорлари фақат шартномани бажариш билан чекланиб қолмай, даладаги ҳосилни сўнгги мисқолигача йиғиб-териб олишни ният қилганлар.
Жорий йилда пилла ва ғалладан ҳам баракали хирмон яратиб юзи ёруғ бўлган туманимиз аҳлига навбатдаги зафар муборак, деймиз.