Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминланишига, бизнес юритиш учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратишлишига, шунингдек мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, фуқаолик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бўлмиш маҳсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан амалга оширилган ишларнинг ҳам салмоғи сезиларли.
Тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятларнинг яна бир исботи сифатида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳам кўрсатишимиз мумкин. Президентимиз таъбирлари билан айтганда, тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар,
илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва
асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши лозим.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида маҳсулот етказиш тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда.
Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субьектларнинг шартнома шартларини қўпол равишда бузиши, сохта тадбиркорлик орқали асоссиз равишда бойлик орттириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан тақдим қилинган даъво аризаларини кўриб чиқишда маълум бир қийинчиликларни жавобгарлар томонидан ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги ҳам келтириб чиқаради.
Маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш учун ҳар бир даъво аризани иш юритишга қабул қилиш, тайёрлаш босқичида судья томонидан пухта ўрганиш ва процессуал ҳаракатларнинг тўлиқ бажарилиши суд ҳужжатини қабул қилиш жараёнидаги хатоларнинг олдини олиб, низонинг узоқ муддат чўзилмаслигига сабаб бўлади.
Суд амалиёти ва статистикасини таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар аксарият ҳолатларда шартнома интизомини бузиш, яъни етказиб берилган товарлар (хизматлар ва бажарилган ишлар) ҳақини тўламаслик, шунингдек товарлар(хизматлар ва ишларни бажариш)ни етказиб бермасликдан келиб чиқмоқда.
Хусусан, даъвогар “Илғор Пахлавон Савдо” масъулияти чекланган жамияти манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Ромитан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан 411.979.368,72 сўм асосий қарз ва 65.567.108,64 сўм пеня ундиришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ҳамда Ромитан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ўртасида 2022 йил 1 апрелда
141-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган.
Шартноманинг 3.2-бандида жавобгар олинадиган ҳар бир юк жўнатма (партия) маҳсулот суммасининг камида 15 фоизи миқдорида ёки тўлиқ
100 фоиз олдиндан амалга ошириши, маҳсулотлар олдиндан 15 фоиз тўловлар асосида берилганда жавобгар олинган маҳсулот ҳақининг қолган қисини уч кун мобайнида амлага ошириши белгиланган.
Бироқ, жавобгар шартномавий мажбуриятини лозим даражада бажармасдан маҳсулотларнинг 411.979.368,72 сўмликҳақини даъвогарга тўламаган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартнома шартларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Кодекснинг 333-моддасининг биринчи қисмига кўра қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 21 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 411.979.368,72 сўм асосий қарз ундириш талабини тўлиқ қаноатлантирилган.
Суд, мажбуриятни бузилиши билан неустойка миқдори номутаносиблигини, тарафларнинг манфаатларини, даъвогар қарздорликни ўз вақтида ундириш чораларини кўрмаганлигини, кечиктирилганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг 65.567.108,64 сўм пеня ундириш тўғрисидаги талабини 13.113.420 сўмга қаноатлантиришни лозим топган.
Хулоса қилиб айтганда, маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатга кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар аввало шартнома шартлари ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари нормаларига қатъий риоя қилишлари зарур. Ушбу тартибга амал қилиш тарафлар ўртасида низоларнинг келиб чиқмаслигига ёки келиб чиққан тақдирда уни судга қадар ҳал этиш имконини беради.
И.Мустафоев,
Kогон туманлараро иқтисодий
суди девонхона мудири