Кейинги 7 йилда Бухорода автотранспорт воситалари сони 59,5 фоизга кўпайган
2024 йиллар давомида Бухоро вилоятида рўйхатга олинган автотранспорт воситаларининг сони 59,5 фоизга кўпайди. Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида бажарилаётган кенг қамровли ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шу факт тилга олинди.
— Таҳлиллар кўрсатдики, йўл-транспорт ҳодисаларининг ярмидан кўпи пиёда ва велосипед ҳайдовчиларни уриб юбориш оқибатида содир этиляпти, — дейди оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқот чоғида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, ЖХХ бошлиғи, подполковник Ўктам Аскаров. — Шуни инобатга олиб, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда йўлларнинг аҳоли гавжум ва автотранспорт воситалари серқатнов қисмларида 8 та ер ости ўтиш жойлари қурилди. Жорий йилда яна 11 та ҳудудда шундай қулай иншоотлар барпо этиш кўзда тутилган.
Соҳа ходимлари томонидан “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига жойларда ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатиш йўлга қўйилди. “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури асосида махсус синф хоналари ва майдончалар ташкил этилди. Жорий йилда улар қаторига мос тарзда 90 та майдонча ва 104 та синфхона қўшилади.
Йўл ҳаракатини рақамлаштириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, тезликни ошириш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш мақсадида жами 85 та замонавий радар ускуналари, 8 та махсус автомобил ( мультирадар) ҳамда 93 та радар муляжи имкониятларидан фойдаланиб келинмоқда. Биргина январь ойида Ғиждувон ва Ромитан туманлари ҳокимликлари билан ҳамкорликда тезликни қайд қилувчи 9 та радар қурилмаси харид қилинди.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигига эришиш, оммавий тадбирларни ўтказиш каби масалаларга оид саволларига атрофлича жавоб берилди.