Қонунчиликда 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ўзгартириш ва янгиликлар назарда тутилган:
“Тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 4 900 та штат берилади
Болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.
Фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади
Ички ишлар органлари фаолиятига босқичма-босқич “Е-патруль” тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.
Шунингдек, барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилиб, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолияти “бодикамера”дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади.
Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш қуйидаги ихтисосликлар бўйича амалга оширилади
— фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш;
— маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш.
Талабгор лицензия олиш учун аризани “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП my.gov.uz орқали электрон юборади.
Лицензия талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида амал қилади.
Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 50 фоизи (150 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Ипак қурти уруғи, тут кўчатлари ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ва қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Фахрий донорларга бериладиган мукофот пули кўпайтирилади
“Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади.
Тошкентда жамоат транспортида молиялаштиришнинг янги тизими жорий қилинади
Тошкент шаҳрида жамоат транспортининг янги тармоғи асосида ташкил этиладиган йўналишларда ташувчиларни “босиб ўтилган йўл”, “йўловчи оқими” ва “сифат” мезонлари бўйича бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда молиялаштиришнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларисиз лойиҳалаштиришга йўл қўйилмайди
Янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларини белгиламасдан лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
Шунингдек, янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг чиқинди тўплаш жойлари улардаги квартиралар сонига мутаносиб равишда ҳамда атрофдаги мавжуд чиқинди тўплаш шохобчалари қуввати ҳисобга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади.
Давлат ижтимоий буюртмасига оид маълумотлар мажбурий тартибда эълон қилиб борилади
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда қуйидагилар электрон порталга жойлаштириб борилади.
Наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилади.
Наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ёки психотерапевт лавозимлари жорий этилади.
Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштирилади
Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилади.
Пойабзал ишлаб чиқарувчилар фойда солиғидан озод қилинади
Чарм, мўйна хом ашёси ва жунни қайта тайёрлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2026 йил 1 январгача фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади.
Саудия Арабистони фуқароларига Ўзбекистон ҳудудига киришда 30 кунлик визасиз режим жорий қилинади
Бунда улар ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилиш керак.
Тадбиркорлик соҳасида талаблар соддалаштирилади
Президент қарори билан қуйидагилар 2023 йил 1 январдан бекор қилинади:
- тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш;
- янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар –ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши;
- электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;
- якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.
Тадбиркорларни текшириш тартибига ўзгартириш киритилади
«Ягона давлат назорати» ахборот тизимида давлат назорати функциялари реэстрига киритилмаган функциялар бўйича текширишлар ўтказиш тақиқланади.
Тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар берилади
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилади (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно).
2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларга рухсат этилади:
- якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари), шу жумладан, юридик шахслар учун ҳам бажаришга;
- қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилишга.
- Белгиланишича, якка тартибдаги тадбиркорларга умумий қурилиш ишларини бажариш учун беш нафаргача ходимларни ёллашга рухсат этилади.
Электр транспорт воситаларини қувватлантириш станциялари солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинади
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача:
- электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан, шунингдек, электромобилларни қувватлантириш станциялари юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан;
- асосий фаолият тури транспортларни қувватлантириш хизматини кўрсатиш бўлган тадбиркорлик субъектлари фойда солиғидан;
- транспортларни қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқдан;
- хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод қилинади.
Статистик ҳисоботнинг янги шакллари кучга кирди, унинг айрим турлари бекор қилинди
«Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ:
- юридик шахслар томонидан 2022 йил 1 январдан кейин ҳисобланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда солиқ суммалари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда архивларга топшириш мажбурияти бекор қилинади;
- юридик шахслар 2022 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини сақлаш ҳамда архивларга топшириш мажбуриятидан озод этилади;
- 2023 йил 1 январдан бухгалтерия ҳисоби субъектлари молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинади;
- 2023 йилдан айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўлайдиган тадбиркорлар йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилади.
Хорижлик сайёҳларга ҚҚСни қайтариш бўйича эксперимент бошланади
2023 йил 1 январдан чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган ҚҚС суммасини қисман қайтариш тах фреэ тизими тажриба тариқасида жорий этилади.
Пенсияни ҳисоб-китоб қилишнинг янги тартиби жорий этилади
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, отасидан ҳам, онасидан ҳам жудо бўлган (чин етим) болаларнинг боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ошириш ота ва она иш ҳақларининг умумий миқдоридан келиб чиқиб, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 баравари миқдорида амалга оширилиши белгиланди. Илгари 10 баравари эди.
Шунингдек, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан 12 бараварига оширилади.
Дори воситаларига қўшимча талаблар ўрнатилади
Тасдиқланган рўйхатдаги дори воситаларидан ташқари барча янги дори воситалари ишлаб чиқариш шароитларининг Яхши ишлаб чиқариш амалиёти – ГМП талабларига мувофиқлигини ўргангандан сўнг клиник синовларнинг ижобий натижасига кўра давлат рўйхатидан ўтказилади.
Импорт контрактлари бўйича хизматларни солиққа тортиш тартиби ўзгартирилади
2023 йил 1 январдан бошлаб:
- асбоб-ускуналар сотиб олиш (сотиш) бўйича шартномада монтаж ва ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа хизматлар қиймати кўрсатилмаган ҳолларда бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади;
- мазкур хизматларни кўрсатганлик учун норезидентнинг солиқ солинадиган даромадини шартнома қийматининг 20 фоизига тенг деб ҳисоблашнинг амалдаги тартиби бекор қилинади.
Айрим давлат органлари ногиронлар жамиятларидан товарлар сотиб олишга мажбур бўлади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ногиронлар жамиятлари томонидан ишлаб чиқарилган ўзларига зарур бўлган товарларнинг камида 10 фоизини харид қиладилар.
Адвокатлик лицензияси онлайн расмийлаштирилади
Лицензия олиш учун аризалар «Лицензия» АС ёки ЯИДХП орқали топширилади. Аризалар дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар юборилиши мумкин.
Қурилиш соҳасидаги талаблар соддалаштирилади
Қурилиш-монтаж, реконструкция ва таъмирлаш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирувчи тадбиркорлар учун ҳисобланган ресурс нормалари маслаҳат характерига эга бўлади.
Қурилиш қоидалари ва ҳисобланган ресурс нормалари Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертиза талаб қилмайди. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳар 3-4 йилда бир марта кўриб чиқилади ва зарурат туғилганда янгиланади.
Тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун йиғим миқдори ўзгаради
Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахтадан калава ип ва трикотаж газламаларни (бўялган трикотаждан ташқари) олиб ўтишда ҳар бир килограмм учун 0,1 доллар (2022 йилда — 0,05 доллар) миқдорида йиғим ундирилади.
Ипотека кредитлари учун субсидия олганлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади
«Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан уй-жой учун субсидия берилган фуқароларнинг ипотека кредитлари ва уларнинг фоизлари учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғига тортилмайди.
«E-patrul» тизими жорий этилмоқда
2023 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич амалга ошириб борилади. Яъни ички ишлар органлари фаолиятига «Э-патруль» тизими босқичма-босқич жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.
Фахрий донорларга қатор имтиёзлар берилади
2023 йил 1 январдан бошлаб:
- «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (4,5 миллион сўмгача) оширилади;
- «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
- шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
- давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш.
Маҳаллий бюджетлар Болалар саломатлигига кўмаклашиш жамғармасини тўлдиришни бошлайди
2023 йил 1 январдан:
- Маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи ҳар чоракда Жамғармага йўналтирилади;
- Давлат органлари ва ташкилотлари ўз ходимларининг фарзандлари учун сотиб олинган оромгоҳлар йўлланмалари нархининг 50 фоизигача, аммо ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 1 бараваридан (300 минг сўмдан) ошмаган қисми иш берувчилар томонидан компенсация қилиб берилиши мумкин.
Икки вилоят имтиёзли транспорт карталарини бериш бошланади
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида имтиёзли транспорт карталари чиқарилади. Имтиёзли карталарни олиш учун минтақавий транспорт бўлимларига ёки ЯИДХПга мурожаат қилиш керак.