Айни пайтда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ошиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни амалга оширилган ишлар натижаси сифатида келтириб ўтиш мумкин.
Бироқ судларга ҳар доим ҳам асосли мурожаатлар келиб тушмайди.
Буни ФИБ Бухоро туманлараро судида кўрилган иш мисолида таҳлил қиламиз.
Даъвогар А.А. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар уйдан бир камаз нарсаларни ва пулларни олиб кетганлигини, холаси М.Ахмедова (Мастура) дан 4 500 000 сўмни қарз сифатида 2019 йилда олган бўлиб, жавобгар ушбу пулларни опаси Рахмонова Муборакка берганлигини, ушбу қарзни олиш учун судга мурожаат қилаётганлигини келтириб, жавобгардан 4 500 000 сўм қарзни ундиришни сўраган.
Фуқаролик иши ҳужжатларига қараганда, фуқаро М.М. /даъвогарнинг онаси/ 2021 йил 16 ноябрда Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ га қилган мурожаатида келини Б.Б. бошқа эркак билан юрганини, буни ўғли билганинини, келини эса уйдан барча нарсаларни суд қарорисиз олиб чиқиб кетганлиги юзасидан бирор бир кишининг ҳаракатларида жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаганлиги сабабли Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ИИО ТП профилактика инспектори /катта лейтенант О.Камолов/ томонидан 2021 йил 20 ноябрда жиноят ёки маъмурий иш қўзғатишдан рад қилинган.
Мазкур қарор қонуний кучида эканлигини, прокуратура органлари томонидан бекор қилинмаганлигини, келини ва унинг опаси ўртасидаги пул олди-бердиси, моддий зарарни қоплаш юзасидан ФИБ Бухоро туманлараро судига мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтириб, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан М.Ахмедовага 2021 йил 20 декабрда жавоб хати берилган.
Ушбу асосларни келтириб, даъвогар А.А. судда даъво қўзғаган.
Ўзбекистон Республикаси ФПК 72-моддасининг 1-қисмига асосан, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси ФК 234-моддасининг 1 ва 2 қисмларига мувофиқ, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Суд даъвогарнинг важларини муҳокама қилиб, улар билан келишмайди ҳамда иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳал қилув қарори билан даъвогар А.А.нинг жавобгар Б.Б.га нисбатан қарзни ундириш ҳақидаги даъвосининг рад қилиниши қонунийлик, ва адолат тамойилларига тўла мос келади деб ҳисоблайди.
Чунки, қонун талабига кўра, аризачининг талаби бўйича мажбурият – шартнома (келишув, тилхат) дан келиб чиқади ва айни пайтда жавобгар ва даъвогар ўртасида қарз муносабатларини юзага келган деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд эмас, яъни даъвогар томонидан судга бирор-бир ёзма далил тақдим қилинмади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 74-моддасига асосан, қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши шарт бўлган ишнинг ҳолатлари бошқа ҳеч қандай исботлаш воситалари билан тасдиқланиши мумкин эмас.
Ушбу хулосага келишда суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан Фуқаролик процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2018 йил 19 майдаги 14-сонли Қарорининг ўн бешинчи банди учинчи хатбошисида берилган тушунтиришларга таянади. Яъни тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилган, алоқадорлик (ФПК 73-моддаси) ва мақбуллик (ФПК 74-моддаси) талабларига жавоб берадиган ҳар бир далил суд муҳокамаси давомида текширилганлигини таъкидлаб ўтади.
Иш ҳолатлари бўйича даъвогарга жавобгарнинг ёки бошқа шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари бор деб ҳисоблаган тақдирда, буни тасдиқловчи ҳужжатлар билан тегишли ИИБ га мурожаат қилиш тавсия этади.
Фирузжон Ёдгоров,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг раиси
Кадиров Файзулло,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьяси