Вилоят соғлиқни сақлаш бошқамаси огоҳлантиради!
Юртимизда об-ҳавонинг кескин исиши, болалар, кексалар, қариялар ва беморлар соғлигига салбий таъсир қилиши мумкин. Ҳаттоки, соғлом одамлар ҳам маълум бир қоидаларга риоя этишига тўғри келади. Қуёш уриши очиқ ҳавода тўғридан-тўғри тушадиган қуёш нурлари остида содир бўлади, бироқ иссиқ таъсир қилгандан сўнг 6-8 соат ўтгач ҳам белгилар бошланиши мумкин.
Бундай кунларда соғлигингиз билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги учун чекишдан, спиртли ичимликлар ичишдан тийилиш ҳамда меъёрда овқатланиш ва жисмоний ҳаракатни камайтириш тавсия этилади. Қуёшда терининг куйиши организм учун жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Қуёш уришининг олдини олишда қуйидагиларга амал қилинг!
* кун қизиган вақтда жазирама қуёшда жисмоний ишларни бажарманг;
* ҳаво ўтказадиган юпқа, табиий матодан бўлган оч рангли кийим кийинг;
* енгил, оқ рангли бош кийим кийинг;
* кўзингизга қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг;
* совутилган чой, ҳар хил шарбатлар ва минерал сувдан кўпроқ ичинг;
* қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланиш тавсия этилади;
* қуёшда бўлиб қайтганингиздан сўнг душ қабул қилинг ёки ҳўл сочиқ билан артининг;
* спиртли ичимликлар истеъмол қилманг.
Қуёш ёки иссиқ уриши белгилари:
* ҳолсизлик, чарчоқ, бош оғриғи ва чанқаш;
* бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқ, пульс ва нафаснинг тезлашуви;
* баъзан кўнгил айниши ва қусиш, кўп терлаш, бурундан қон кетиши;
* эс-ҳушни йўқотиш, айрим ҳолларда тутқаноқ, алаҳсираш (галлюцинация) кузатилиши мумкин.
Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш:
* беморни салқин жойга ўтказиш, бошини салгина кўтариб қўйиш, кийимларини ечиш, бутунлай тинч муҳит яратиш ва тоза ҳаво келишини таъминлаш;
* аччиқ чой ёки совуқ сув ичириш (сувга 0,5 литрга 0,5 чой қошиқда туз қўшиш мумкин);
* бошини совуқ сув билан ҳўллаш ёки бошига нам сочиқ қўйиш;
* оғир ҳолатларда беморни ҳўлланган чойшаб билан ўраб қўйиш ёки устидан совуқ сув қуйиб туриш;
* беморни яқин ўртадаги даволаш муассасасига олиб бориш, оғир ҳолларда эса зудлик билан тез ёрдам бригадасини чақириш зарур.
Азиз юртдошлар! Жазирама иссиқ кунлари ўзингиз ва яқинларингиз соғлигига эътиборсиз бўлманг!
Бошқарманинг 1064 – тезкор алоқа “Ишонч телефони” доимо Сизнинг хизматингизда!
Қуёш уришидан сақланинг!
Фикр билдириш
Фикр билдириш