Бугунги суд мажлисида давлат айбловчиси томонидан ўқиб эшиттирилган айблов хулосасининг қисқача мазмунига кўра:
Д. Тажимуратов уюшган гуруҳ ташкил килиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида жорий йилнинг 1-2 июль кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирган;
Л. Каллыханова ушбу уюшган гуруҳга бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган;
А. Турданов 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларни иштирок этишини таъминлаган ва Д. Тажимуратовни елкасига ўтказиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган;
А. Сметуллаев ва Д. Джиемуратов 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси туманларидан одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам фаол иштирок этиб, Д. Тажимуратовни қўллаб-қувватлаганлар;
Б. Кадирбергенов одамларни оммавий тартибсизликка жалб қилиб, Жўқорғи Кенгес ва Нукус халқаро аэропорти биноларини босиб олишга даъват қилган;
Б. Сейтниязов Қозоғистон Республикасидаги “Аллаяр жолы” диаспора аъзоси бўлиб, оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришга ва Д. Тажимуратовни қўллаб-қувватловчи баннерлар тайёрлашга ёрдам берган;
А. Тоқимбетов 2 июль куни Хўжайли туманида йиғилган одамларга Қорақалпоғистон Республикаси мустақил бўлиши лозимлигини маълум қилиб, уларни оммавий тартибсизликка даъват қилиб, уларга етакчилик қилган;
Қ. Сейтимов 2 июль куни Қораўзак туманида одамларни тўплаб, уларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, уларга етакчилик қилган;
А. Нуратдинов 2 июль куни Қонликўл туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;
С. Медетов 2 июль куни Шуманай туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;
Н. Найыпов 2 июль куни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи видеомурожаат тайёрлаб, уни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган;
П. Шамшетов 2 июль куни одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам уларда фаол иштирок этган;
Р. Бекмуратов 2 июль куни “Наупир” МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказиб, “ПМ” маркали пистолетини олиб қўйган;
С. Каипов 2 июль куни “Наупир” МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказган. Бундан ташқари, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеомурожаат тайёрлаб, уни тарқатиш мақсадида сақлаб келган;
Б. Генжебаев 2 июль куни Шуманай туманида оммавий тартибсизликларда Фарғона вилоятидан келган ўзбек миллатига мансуб 3 нафар шахсни тўхтатиб, уларга тан-жароҳати етказиб, 3,6 млн. сўм миқдоридаги пулларини ва қатъий ҳисобдаги ҳужжатларини босқинчилик йўли билан олиб куйган;
С. Калилаев 2 июль куни Кегейли туманида оммавий тартибсизликларга етакчилик қилиб, миллатчилик замирида Андижон вилояти ҳокимлиги ШТАБига ўт қўйиб, мулкларини нобуд қилган;
П. Нурниязов 2 июль куни Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятини чеклаш мақсадида йўлларни тўсиб, автошина ёқишда етакчилик қилган;
С. Калимов 1 июль кунидаги оммавий тартибсизликлар учун маъмурий қамоққа олинганларни озод қилиш мақсадида уларни сақлаш жойига ҳужум қилиб, ўт қўйган;
Н. Султамуратов 2 июль куни Нукус шаҳар ИИО ФМБга қилинган ҳужумда фаол иштирок этиб, дарахт ёқиб, йўлларни тўсган;
А. Темирханов 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Хўжайли гузари кўчасида “Молотов коктейли”дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган;
А. Адилбеков 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Тўрткўл гузари кўпригида “Молотов коктейли”дан фойдаланиб, ҳуқфуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган.