“Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – деди Шавкат Мирзиёев. Унинг сўзларига кўра, йил бошидан бери вилоятларда 250 та авариявий ўчиш бўлган.
Ўтган йили куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 14 трлн сўм ажратилган эди. Бу йил ҳам шу мақсадлар учун яна 14 трлн сўм ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 10 июн кунги йиғилишда айтиб ўтди.
“Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – дея мутасаддиларни огоҳлантирди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш боис айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмаганини таъкидлади. Чунки баъзи кўп қаватли уйлардаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлган.
Мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди. Ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилди.
Аввалроқ энергетика вазирининг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев 2023 йилда (йил бошидаги энергетика инқирозидан кейин) соҳага ажратилган 14,5 трлн сўм маблағ ҳисобига вазирлик “соҳани анча-мунча модернизация қилиб олгани”ни айтганди.
“Тўғри, 100 фоиз таъмирлаб олдик деёлмаймиз. Қилиниши керак бўлган ишларни 100 фоиз деб оладиган бўлсак, бу маблағга 18-20 фоизи қилинди”, – деганди Тошхўжаев.