Учқуннинг аланга олиши
Бундан 12 йил аввал ҳаммаси кичик бир учқундан бошлаб араб дунёсида шиддатли оловга айланди. 2010 йил 18 декабр Тунисда мева сотувчи Муҳаммад Буазизийдан полициячилар ҳужжат талаб қилади ва калтакланади. Шундан сўнг йигитча нохақликларга чидай олмай ҳокимят биноси олдига бориб устига бензин қуйиб ўзига ўт қўяди. Шундан сўнг бу ҳодиса ижтимоий тармоқларнинг (асосан Тwitter) бир қанча сегментларидаги шов-шувлар, жамиятдаги ижтимоий портлашга сабаб бўлган, шоирона айтганда “Араб баҳори “ алангасини тўлқинлантирадилар. Оммавий эътирозлар натижасида 23 йил фаолият юритган Тунис президенти Зайнал-ал Абидин ибн Али 2011 йил 14 январда мамлакатни тарк этди ва Саудия Арабистонидан қўним топди.
Норозиликлар тез орада қўшни давлатларни ҳам қамраб олди, 2011 йил 25 январдан бошлаб Мисрда ҳам тўрт кунлик намойишлар бўлиб ўтади ва бунинг натижаси ўлароқ мамлакат раҳбари Ҳусни Муборак ислоҳотлар ўтказишга ваъдалар беради, бироқ у кейинроқ сентябрдаги сайловлардан сўнг 30 йиллик қудратини давом эттирмаслигини эълон қилди.
Айни бир вақтда Иордания қироли Абдулла II бош вазирни алмаштирди, Араб президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ эса кейинги сайловларда номзодини қўймасликка ваъда берди. Ушбу инқилоб Тунис, Миср, Яман, Жазоир, Мавритания, Иордания, Саудия Арабистони, Уммон, Судан, Сурия, Ливия ҳамда Марокаш каби давлатларни қамраб олди ва якка ҳокимликдаги ҳукуматларни бир қанча ҳушёр тортишга мажбур қилди. Сиёсий ва иқтисодий норозилик билан бош кўтарган намойишчилар баъзан ҳарбий кучлар билан сийланди, ижтимоий тармоқларда узилишлар юз берди.
Жамоатчилик тафаккури демократик тизим томон интила бошлади, уларнинг асосий мақсадлари – бошқарув тизимини ўзгартириш, инсон ҳуқуқлари ва шу каби реформаларни талаб қилиш. Бироқ намойишлар тез орада қуролли тўқнашувларга айланиб кетди, халқаро коалициялар тузилди. Март ойи Ливиядаги исёнчи кучлар енгилиш арафасида НАТО бошчилигидаги ҳарбийлар мувозанатни намойишчилар фойдасига ўзгартиради, бироқ Муаммар ал-Каддафий ҳокимяти яна бир неча ой пойтахт Триоплида сақлаб қолди. 2011 йил исёнчилар томонидан бир неча ҳафта асирликда сақланган Каддафий ўлдирилади.
Араб оламида бирин-кетин сценарийлар ижроси Сурияда иқтидордаги Асад режимига келганда янада мураккаблашди. Россия ва Хитой БМТ хавфсизлик кенгашининг 2011-2012 йил Асад ҳукуматига босим ўтказишга қаратилган қарорларига вето қўйишди ва Сурияга хорижий давлатлар аралашувига қарши чоралар кўришларини эълон қилишди.
Араб баҳори таъсири Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада ҳам сезилди, Жазоир, Иордания, Марокаш ва Уммон ҳукмдорлари ўз мамлакатларида ҳам трагедия содир бўлмаслиги учун бир қанча вазир, амалдорларни лавозимларидан озод этиш ва турли хил конституциявий ўзгаришлар қилишди.
“ Ўрмонга ўт кетса , ҳўл-у қуруқ тенг ёнар” 11 йиллик Хронология
Инқилоб юз берганидан 11 йил ўтиб ҳеч қайси Араб мамлакатида кўзланган мақсадга эришилмади, бироқ инқилоб содир бўлган барча араб давлатлари фақат таназзулга юз тутди ва зарар кўрди. Масалан, Каддафий вафотидан кейин Ливия ҳам фуқаролар уруши ботқоғига ботди. Дунёнинг қайноқ нуқталаридан бирига айланди, давлат бошқаруви учун қарама-қарши гуруҳлар ўзаро кураша бошладилар. Чет эл давлатлари элчихоналарига ҳужумлар қилинди, Мисрнинг ағдарилган президентидан кейинги раҳбари ҳам аввалги сиёсат йўлидан юрди. Яман ҳалигача фуқаролар уруши гирдобида қолмоқда. Аксинча, инқилоб минтақада беқарорликни янада кучайтирди, диний факторлар сабаб Эрон ва Саудия Арабистони зиддияти янада кучайди. ИШИД нинг дунёга келишида ҳам айнан инқилоблар таъсири бўлган десак муболаға бўлмайди.
Энг аянчли зарбани Сурия қабул қилди ва дунёнинг гигант давлатлари учун Афғонистондан кейинги томоша кўрсатувчи “Цирк саҳнаси” га айланди. Шунингдек зарар миқдори ва сўнгги маълумотларга кўра деярли 400000 одам ҳалок бўлган. Мамлакат эса бир неча қисмларга бўлинган ва аниқ бир тизим мавжуд эмас. Сурия масаласи геосиёсий жиҳатдан асосан Туркия, АҚШ, Россия, Эрон, Саудия Арабистони, Исроил каби давларнинг манфаатлар кесишувчи нуқтасидир.
Баъзи таҳлилчилар инқилобнинг сабаби табиий эмас, балки ташқи куч омиллари сабабдан вужудга келган деган фикрни юритишади. Бунга геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатлар сабабдир. Ушбу кенг миқёсдаги сценарийлашган инқилоб натижасида тахминан 180000 одам вафот этди, 6 миллион одам эса уйсиз қолди. Намойишчилар эса “Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилдилар “.