Қатар тарихдаги энг қиммат жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, ахир турнир Яқин Шарқнинг энг бой мамлакатларидан бирида ўтказилмоқда. Аммо рекорднинг ўзи эмас, балки рақамлар эътиборни тортади: чемпионат харажати 220 миллиард долларни ташкил этди. Пуллар нималарга сарфланди?
Таққосланадиган бўлса, бундан олдинги энг қиммат жаҳон чемпионати 2018 йилда Россияда ўтказилган ва унга қарийб 12 миллиард доллар сарфланган эди. Қатар эса бундан 15 марта кўп харажат қиляпти. Бу пуллар нималарга сарфлангани қизиқ.
2022 йилги жаҳон чемпионати буджетига бевосита футбол билан боғлиқ бўлмаган инфратузилма лойиҳалари ҳам киритилди
Содда тушунтириладиган бўлса, Қатар жаҳон чемпионати баҳонасида мамлакатни модернизация қилди.
Бу режалар мезбонлик учун ариза топшириш жараёнида эълон қилинди. Қатар жаҳон чемпионатини муваффақиятли ўтказиш учун зарур бўлган инфратузилмага маблағ ажратилиши ва сарфланишини кафолатлади.
«Зарур инфратузилма» тушунчаси ташкилотчи томонидан имкон қадар кенгроқ талқин қилиниши мумкин. Ўйинларни ўтказиш учун зарур бўлган, сиғими, хавфсизлиги ва қулайлиги бўйича ФИФА талабларига жавоб бериши керак бўлган стадионлардан ташқари, ташкилотчилар буджетга чемпионат ўйинлари ўтказиладиган шаҳарларда қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган турли обектларни ҳам киритди. Ва бу харажатлар спорт ареналарини қуриш сметасидан ошиб кетди.
ЖЧ-2022 буджетига Қатарни модернизация қилиш бўйича барча харажатлар киритилди
Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун сарфланадиган харажатлар марказида мамлакатни модернизация қилиш масаласи ётади.
Масалан, 8 та стадионнинг қурилиши (еттитаси нолдан, яна биттаси кенг кўламли реконструкция) ташкилотчиларга 6,5 миллиард долларга тушди, бу эълон қилинган буджетнинг тахминан 3 фоизини ташкил қилади, холос.
Маблағнинг қолган қисми инфратузилма лойиҳаларига сарфланди. Уларнинг барчаси 2008 йилда қабул қилинган Qatar National Vision 2030 (ҚНВ) давлат дастури – Қатар миллий тараққиёти ва модернизацияси стратегиясининг бир қисмидир. Дастурнинг мақсади «Қатарни 2030 йилгача барқарор ривожланишга эриша оладиган илғор жамиятга айлантириш»дир.
ҚНВ тўртта асосий қисмга бўлинган. Иқтисодий қисми мамлакат иқтисодий ривожланишининг хомашё моделидан «билимлар иқтисодиёти»га ўтишини таъминлайди. «Инсон салоҳияти тараққиёти» бўлими таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини оширишга қаратилган. Экологик қисм атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш учун илғор технологияларни жорий этишни тавсифлайди. Дастурнинг ижтимоий қисмида эса маданий меросни асраб-авайлаш, оилавий қадриятларни тарғиб қилишдан ташқари, мамлакатда спортни оммавийлаштириш ҳам кўзда тутилган.
Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҚНВ муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, у бир томондан Қатарда спортга бўлган қизиқишни кучайтирса, иккинчи томондан, мамлакатнинг фундаментал ўзгаришлар йўлидаги ютуқларини дунёга намойиш этади.
Жаҳон чемпионатининг мамлакатни глобал модернизация қилиш дастурига киритилиши ҳам соф амалий маънога эга: саналари аниқ кўрсатилган ва давлат аҳамиятига эга йирик тадбир учун обектлар қурилаётганда, пудратчилар белгиланган муддатни кечиктириш имкониятига эга эмас. ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси буни тан олади.
«Жаҳон чемпионати вақтида жамоалар ва мухлислар фойдаланадиган йирик инфратузилма лойиҳалари, жумладан, янги йўллар, метро, аэропорт, меҳмонхоналар ва бошқа сайёҳлик обектлари турнирни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритишимиздан олдин ҳам режалаштирилган эди. Бу лойиҳалар барибир амалга ошган бўларди, бироқ Жаҳон кубоги албатта бу жараёнларни тезлаштирди. Энди мамлакат биз кутган 1,5 миллион мухлисни қабул қила олади», деди ЖЧ-2022 коммуникациялар бўйича бош директори Фотима Ал-Нуаймий.
Дарвоқе, Қатарда метро қуришга амалий эҳтиёж йўқ эди – мамлакат аҳолиси асосан шахсий транспорт воситаларида ҳаракат қиларди. Бироқ QNV экологик қисми 2030 йилга бориб, қатарликларнинг 20 фоизи жамоат транспортига ўтишини назарда тутади.
Яна бир йирик лойиҳа – 2014 йилда очилган Hamad International халқаро аэропорти (қиймати 16 миллиард доллар). Ундан олдингиси – Қатар халқаро аэропорти ҳам эски эмасди ва дунёдаги энг яхши аэропортлар рейтингига киритилганди. Аммо қатарликларнинг ортиб бораётган амбицияларига жавоб бермади. У йилига 12 миллион йўловчини қабул қилиши мумкин эди. Янгиси 60 миллионгача.
Қурилиш материаллари етказилишини таъминлаш учун Қатар 2016 йилда янги Ҳамад портини (қиймати 7,5 миллиард доллар) очди. У йилига 7,8 миллион контейнерни қабул қилиш имкониятига эга. Бунинг учун денгиз қирғоғи туби 17 метргача чуқурлаштирилди. Чунки, Доҳа кўрфази анча саёз ва катта контейнер кемалари Қатарга кира олмасди. Мамлакатга жўнатилган юк қўшни БАА портларида туширилиб, кичик кемалар орқали Қатарга етказиларди. Энди логистиканинг бундай муаммоси йўқ ва портда йирик сайёҳлик кемаларни қабул қиладиган катта терминал ҳам қурилган. Жаҳон чемпионати пайтида мухлисларни жойлаштириш билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш учун Қатар бундай лайнерларнинг бир нечтасини ижарага олади.
Қатарда Жаҳон кубоги учун Doha Expressway (қиймати 8 миллиард доллар) қуриб битказилди. Бу Доҳа ва унинг чеккалари учун янги йўл тармоғи бўлиб, умумий узунлиги 800 километрни ташкил этди. У 95 та чорраҳа, 200 та кўприк, 90 та ер ости йўлаклари ва 50 та туннелдан иборат. Янги йўл тизими ақлли мониторинг ва назорат қилиш тизими билан жиҳозланган. Йўллардан ташқари 450 км узунликда пиёдалар ва велосипед йўлаклари ҳам қурилди.
Аммо ЖЧ-2022 буджетининг асосий қисми Доҳа шимолидаги кичик қишлоқча ўрнида янги Лусаил шаҳрини қуришга сарфланди. Унинг майдони 37 кв.км., доимий аҳолиси 250 минг кишини ташкил қилади.
Лусаил келажак шаҳри сифатида қурилган бўлиб, аҳоли ва сайёҳларга қулай бўлиш, атроф-муҳитга зарарни минималлаштириш мақсадида лойиҳалаштирилган.
2022 йилги жаҳон чемпионати финали айнан Лусаил шаҳрида, 80 минг ўринли Lusail Iconic стадионида бўлиб ўтади.
Жаҳон чемпионати якунлангач, шаҳар ўн минглаб юқори малакали хорижлик мутахассислар маскани, халқаро компанияларнинг бош қароргоҳи жойлашган жой ва жаҳон даражасидаги курортга айланиши, бу борада Дубайга рақобатчи бўлиши керак.
Лусаил лойиҳасининг аниқ нархи номаълум. 2014 йилда Қатар ҳукумати уни 45 миллиард долларга баҳолаганди. Американинг Блоомберг нашри ҳисоб-китобига кўра, шундан бери келажак шаҳри буджети сезиларли даражада ўсган. Улар Жаҳон чемпионати учун барча инфратузилма лойиҳаларининг умумий қийматини 300 миллиард долларга баҳоламоқда.
Бироқ маблағ сарфлаш бўйича Қатар рекорди узоққа бормаслиги мумкин. Агар 2030 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги учун Саудия Арабистони, Миср ва Греция қўшма аризаси ғолиб чиқса, харажатлар бундан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда.
Саудияликлар учун ўзаро муносабатлар совуқроқ бўлган Қатардан ўзиб кетиш масаласи шараф бўлади. Бундан ташқари, айни пайтда Саудия Арабистони ва Мисрда тўртта янги шаҳар, жумладан, Мисрнинг янги пойтахти Ведиан ва бўлажак Неом шаҳрининг Саудиядаги версияси ҳам қурилмоқда. Саудия Арабистони эса Сауди Висион 2030 деб номланган мамлакатни модернизация қилиш режасини амалга оширмоқда.
Kun.uz