Болалар эндокринологи, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза Азимова шу масалада ота-оналар учун бир қанча тавсияларни бериб ўтди. Бундай хасталикка чалинган кичик ёшли беморларнинг тўғри овқатланиши жуда муҳим.
Чунки истеъмол қилинадиган маҳсулотнинг таркиби ва қандай тайёрланганлиги қондаги қанд миқдори ўзгаришига сабаб бўлади.
Углеводларни истеъмол қилишда уларнинг гликемик индексига эътибор қаратилади.
Гликемик индекси паст бўлган маҳсулотлар (дуккаклилар, сули, сабзавотлар) қондаги қанд миқдорини секин кўтаради.
Диабет билан оғриган болаларга кун давомида 5-6 маҳал, жумладан, 3 марта асосий ва оралиқ вақтда қўшимча овқатланиш тавсия этилади.
Парҳезга риоя қилинганда қондаги қанд миқдори кескин ортиши ва қанднинг турли аъзо ҳамда тўқималарга ножўя таъсири олди олинади, қабул қилинаётган инсулин дозасини коррекциялаш осон бўлади.
Шунинг учун болалар ва уларнинг ота-оналари истеъмол қилинаётган углеводларни ҳисоблашни билишлари лозим.
Жисмоний фаоллик ҳам организмда қанд ўзлаштирилишини яхшилаш билан бирга, турли асоратлар ривожланишига тўсиқ бўлади.