Яқинда Шофиркон туманида Тез тиббий ёрдам станциясининг янги биноси очилиши олдидан қизиқ воқеа юз берди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан маросимга тайёргарлик кўраётган пайтда мухбирлардан бирига шошилинч ёзув учун ручка керак бўлиб қолди. Қизиғи шундаки, станцияда 30 га яқин ходим ишласа-да, ҳеч кимда қалам йўқ эди.
Бир қарашда бу кулгили ҳолдек туюлиши мумкин. Лекин, аслида, бугунги кун тез тиббий ёрдам хизматининг қай даражада рақамли технологияларга ўтганини кўрсатади. Чунки замонавий ТТЁ ходимларига на қоғоз, на қалам керак. Барча жараёнлар электрон планшет орқали амалга оширилади.
Ҳўш тизим қандай ишлайди?
•Беморларнинг мурожаати ягона Call-марказда қабул қилинади.
•Автоматлаштирилган дастур орқали энг яқин бўш турган бригада планшетига узатилади.
•Тез ёрдам ходими бориш жараёнидаёқ бемор ҳақида дастлабки маълумотга эга бўлади.
•Бемор кўруви, унга кўрсатилган тиббий ёрдам, қўлланилган дори воситалари ва ташхислар планшетдаги электрон тиббий картага киритилади.
Бу рақамли ислоҳотлар нафақат қоғозбозликни қисқартирди, балки тезкорлик, шаффофлик ва назоратни янги босқичга олиб чиқди.
•Ҳар бир чақириқнинг қайд этилиши
•Дори-дармон сарфи ва қўлланилиши
•Автотранспорт ҳаракати
•Ходимлар фаолияти
Рақамли ислоҳотлар туфайли
•Ходимлар вақтни қоғоз тўлдиришга эмас, беморга ёрдам кўрсатишга ҳамда ўз устида ишлашга сарфлаяпти;
•Рахбарият реал вақт режимида тез ва аниқ ҳисоботга эга бўлмоқда;
•Беморлар учун хизмат сифати яхшиланмоқда.
Бугунги тез тиббий ёрдам хизматини шунчаки “рақамлашган тизим” деб эмас, балки “100% рақамли замонавий тез ёрдам” деб аташ мумкин.
Яна бир жиҳати — рақамлаштириш нафақат тиббиёт ходимлари ва беморлар ўртасида, балки раҳбарият даражасида ҳам босқичма-босқич хужжатларни юритиш, кадрлар бўлими ва ҳисобхонада ҳам жорий этиб борилмоқда.
Шунинг учун ҳам қаламсиз ҳолатда қолган мухбир учун бу кулгили бўлиб туюлса-да, тизимимиз учун бу — янги даврдир.
Агар ишонмасангиз, 103 хизматига экскурсияга марҳамат!
Бу ерда сиз қалам эмас, балки планшет орқали ҳаётини асраётган тизимни кўрасиз.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Бухоро вилояти филиали директори Т.У.Ахтамов