Углерод оксиди, яъни ис гази ҳидсиз ва рангсиз бўлиб, инсон ўзида ҳолсизланиш аломатларини ҳис қилмагунича унинг борлигини сезмайди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов. — Ушбу газдан заҳарланиш учун эса унинг энг кам миқдори етарли ҳисобланади. Шу боис ис гази «кўринмас қотил» деб ҳам аталади.
Углерод оксиди асосан табиий газ, кўмир, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади.
Шунингдек:
- ёнғин;
- ишлаб чиқаришда турли органик моддаларни синтезлашда ис газидан фойдаланиш;
- етарли ҳаво айланмайдиган шароитда газга мослаштирилган қурилмаларнинг ҳавони тортиш механизми ишдан чиқиши ёки вентиляция каналларига ҳаво етарлича кириб туриши;
- уй шароитида қувурлардан табиий газ сизиб чиқиши ва печлар қопқоғини ёпмаслик оқибатида ҳам ҳосил бўлади.
У барча муҳитда юзага келиши мумкин, ҳатто, газ плита духовкасида ҳам. Бунинг асосий сабаби ёниш майдонида етарли кислород мавжуд эмаслигида.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, аввало, қонга киради ва гемоглобин ҳужайраларини зарарлайди. Шундан сўнг гемоглобин кислород ташиш қобилиятини йўқотади. Одам бу газдан қанча кўп нафас олса, унинг қонида гемоглобин шунчалик камаяди ва танада кислород етишмовчилиги пайдо бўлади. Ис газидан заҳарланишдан сўнг гемоглобин ҳужайраларини тиклаш учун кўп вақт талаб этилади.