Яқинда Адлия вазирлиги томонидан лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган Президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ушбу лойиҳада бир қатор лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Уларнинг орасида концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш ҳам бор.
Хўш, концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш нима мақсадда жорий этилган эди? Бунинг бир нечта мақсадлари бўлган.
Биринчидан, лицензиялаш тартиби концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортиш механизми сифатида фойдаланилган.
Маълумки, аввалги Солиқ кодексида (2007 йилдаги) концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси бўлган шахслар ушбу фаолиятдан олинган даромадлари даромад солиғидан озод этилган эди.
Шу сабабли, концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия учун давлат божи йилига 3 млн. сўмдан 43 млн. сўмгача қилиб белгиланган. Давлат божининг юқорилиги, одатда, кўпчиликнинг лицензияни қисқа муддатга (3-6 ойга) расмийлаштиришига олиб келган.
Жумладан, 2019 йилда лицензияси бўлган 3 352 нафар санъаткорнинг 2 935 таси (87,5%) 3 ойгача, 217 таси (6,5%) 6 ойгача муддатга лицензия олишган.
Бироқ, Солиқ кодексининг янги таҳририда ушбу имтиёз бекор қилинган ва улар 12 фоизлик даромад солиғига тортиладиган бўлди. Лицензиялашнинг мазкур мақсади ўз аҳамиятини йўқотди.
Иккинчидан, лицензияга эга бўлган санъаткорларни маданий-маърифий тадбирларга жалб қилиш учун ҳам қўлланилган.
Жумладан, лицензия шартномалари тузилишида унинг талаб ва шартларида санъаткорлар зиммасига лицензияловчи органнинг талабига кўра маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиши белгиланган.
Қайд этиш керакки, тадбирларда санъаткорларнинг иштироки ихтиёрийликка асосланса, уларнинг кўрсатадиган хизматлари сифати ҳам яхшиланиши мумкин.
Учинчидан, концерт-томоша тадбирини ўтказишда санъаткорларнинг саҳна маданиятига, миллий қадриятлар ва анъаналарга риоя қилиш, ижрочиларнинг чиқишларида ножоиз хатти-ҳаракатлар содир этилишини олдини олиш мақсади кўзланган.
Тўғри, санъаткорнинг хулқ-атвори унинг мухлисларига, айниқса, ёшларга таъсир қилади ва ундан ўрнак олишади. Шунинг учун, санъаткорларнинг саҳна маданиятига риоя қилиши ҳанузгача ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.
Аммо, ҳозирги кунда Интернет тармоғининг оммалашиши, ундаги контентларнинг ёруғлик тезлигида тарқалаётганлиги, саҳна маданияти, миллий қадриятлар ва анъаналарни бузувчи санъаткорлар ножоиз хатти-ҳаракатларининг аҳоли орасида тезлик билан тарқалишига олиб келмоқда.
Бир нарса аниқки – Интернет тармоғини батамом чеклаш имконияти мавжуд эмас. Бу эса, концерт-томоша фаолиятини лицензиялашдан кўзланган мазкур мақсадга ҳам эришиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, лицензия берилмаган, бироқ санъаткорлик фаолиятини амалга ошираётган шахслар томонидан ножоиз хатти-ҳаракатлар содир этилган тақдирда “Ўзбекконцерт” уларга нисбатан тегишли чоралар кўра олмайди. Яъни, лицензияси бўлган санъаткорнинг лицензияси бекор қилинса, лицензия бўлмасдан санъаткорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахс эса, ножоиз хатти-ҳаракатлари учун “сувдан қуруқ чиқади”.
Шуни таъкидлаш керакки, санъаткорларнинг ножоиз хатти-ҳаракатларига нисбатан фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда муносабатлар билдирилиши кўпаймоқда – жамоатчилик назорати кучаймоқда.
Юқоридаги ҳолатлар концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш ҳозирги давр талабига мос келмай қолганлигини кўрсатмоқда.
Хорижда концерт-томоша фаолияти одатда лицензияланмайди. Жумладан, МДҲ давлатларидан Грузия, Қозоғистон ва Россияда ушбу фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талаб этилмайди.
Шунга кўра, Президент Фармони лойиҳасида концерт-томоша фаолиятини лицензиялашнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, хабардор қилиш тартибига ўтказилиш таклиф этилмоқда.
Таклиф этилаётган тартибга кўра, санъаткорлар қандай қилиб концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиши мумкин?
Жумладан, санъаткорлар ўз фаолиятини бошлашдан олдин ваколатли органни (“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси) хабардор қилса кифоя. Хабарномани юбориш вақтида уни юбораётган санъаткор олдиндан белгиланган талабларга риоя этиш мажбуриятини зиммасига олади. Шуниси эътиборлики, кўплаб ҳужжатларни олиб ваколатли органга бориш ва катта миқдордаги давлат божини тўлаш талаб этилмайди.
Хуллас, ушбу янги тартибнинг жорий этилиши давлат божи тўлашдан қочаётганларнинг ҳам ўз фаолияти билан қонуний шуғулланишга шароит яратиб беради.