Республика ҳудудида 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида об-ҳаво ҳарорати кескин совуб кетиши ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилганлиги сабабли аҳолини АИ-80 русумли автобензинига бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошишига олиб келди. Бугунги кунда АИ-80 русумли автобензинга бўлган талаб кунлик 8 минг тоннага етмоқда.
Бундай ҳолатда, баъзи хусусий АЁҚШлар томонидан автобензинни ноқонуний реализация қилиш, шохобчаларда нархларни сунъий ошириш, сифатсиз бензин ёнилғисини сотиш каби ҳолатлар содир этилмоқда. Хусусан, биржа савдолари орқали сотиб олинган ва белгиланган тартибда етказиб берилган АИ-80 русумли автобензинни АЁҚШларда сотмаслик ёки АИ-92 кўринишида сотиш ҳолатлари учрамоқда.
Бу ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “UNG Petro” МЧЖ автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига юкламани ошишига олиб келмоқда.
Ёқилғи қуйиш шохобчаларида мавжуд колонкалар (одатда 2-4 та) ёқилғи қуйиш бўйича максимал қувватларда ишлатилаётгани ва ушбу қувватлар мавжуд оқимни бир вақтда таъминлаш имконини таъминламаётганлиги натижасида шохобчаларда АИ-80 маркали бензин маҳсулотини реализация қилинишида сезиларли навбатлар юзага келмоқда.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларни олдини олиш мақсадида, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (“Ўзнефтгазинспекция”) томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ишчи штаб ташкил этилган ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Республика истеъмолчиларини узлуксиз ва бир маромда автобензин билан таъминлаш, нархларни кескин ўсишининг олдини олиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш ҳамда ички бозорда танқисликни вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилиб, кунлик ўртача 4,6 минг тонна АИ-80 русумли автобензин ишлаб чиқарилмоқда. Шундан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 3,1 минг тонна ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 1,5 минг тонна.
Жорий йилнинг январь ойида биржа савдоларига жами 136,5 минг тонна (ўртача биржа кунида 6 203 тонна) АИ-80 русумидаги автобензин сотиш учун жойлаштирилиб, АЁҚШлар томонидан харид қилинди. Бу кўрсаткични ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 44,6 минг тоннага кўпдир.
Жумладан, АИ-80 русумидаги автобензиннинг биржа савдоларига жойлаштириладиган ҳажми оширилмоқда. Масалан, 31 январь куни биржа савдоларига 5 550 тонна АИ-80 автобензин сотиш учун жойлаштирилди.
Жамият томонидан яратилган захира, шунингдек ишлаб чиқарилган автобензин ҳисобидан 163,6 минг тонна (ўртача кунлик 5 276 тонна) ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 74,7 минг тоннага кўп автобензин етказиб берилиши таъминланди.
Биргина 31 январь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть базалари орқали истеъмолчиларга жами 6 303 тонна АИ-80 автобензин, жумладан Тошкент шаҳри ва вилоятига 1 466 тонна ёқилғи тарқатилди. Бироқ, бугунги кундаги вужудга келаётган талабни ишлаб чиқариш қувватлари орқали тўлиқ таъминлаш имконияти чегараланган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолиси эҳтиёжларини сифатли ва арзон нархларда автобензин билан таъминлаш мақсадида, акциядорлик жамияти тасарруфдаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот билан бир қаторда, тайёр маҳсулот импорт қилинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь ойида Россиядан 50 минг тонна АИ-80 К5 русумидаги автобензинни импорт қилиш бўйича шартнома тузилиб, жами 44,2 минг тонна автобензин юкланган бўлиб, ҳозирда республика ҳудудига етказиб келиш ва ички бозорга сотиш чоралари кўрилмоқда.
Бугунги кунда, “UNG Petro” МЧЖ томонидан АИ-80 бўлаётган талаб ортиб бораётганлиги, республика иқтисодиёти ва аҳолисини нефть маҳсулотлари билан таъминлашни инобатга олиб, тақчиллик, узилишлар ва АЁҚШлардаги навбатларни олдини олиш мақсадида, “Газпром” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган АИ-80-К5 русумли автобензин харид қилиниб, АЁҚШлар орқали республикамиз истеъмолчилари учун реализация қилинмоқда.
Бундан ташқари жорий йилнинг январь ойида “UNG Petro” МЧЖ томонидан импорт ҳисобига қўшимча 8,4 минг тонна юқори октанли автобензин етказиб берилган, жумладан АИ-92 5,6 минг тонна, АИ-95 2,5 минг тонна ва АИ-98 300 тонна.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириғига асосан автобензинни узлуксиз ва барқарор етказиб берилиши юзасидан Энергетика вазирлиги томонидан кунлик ва соатлик назорат ўрнатилган.
Автобензин танқислигига йўл қўймаслик бўйича барча чоралар кўрилган, жумладан 2023 йил 1 февраль ҳолатига Жамият тасарруфидаги нефть базалар ва нефтни қайта ишлаш заводларида 42,1 минг тонна автобензин қолдиқлари мавжуд.