Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мактаб битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини мажбурий фанлар ва бакалавриат йўналишлари фанлари бўйича ягона тест ўтказиш орқали бирлаштириш таклиф этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мактабларда якуний давлат аттестациясини ўтказиш ва олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Ҳужжат олий ўқув юртларига мактабларнинг якуний тест синовлари натижаларига кўра, қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилиш тизимини жорий этишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб якуний давлат аттестацияси Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади. Бунда таълим ташкилотларининг санъат, маданият, спорт ва бошқа алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналишлар бўйича битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш тартиби сақлаб қолинади. Аттестацияда учта мажбурий фан — она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа тиллар), математика ва Ўзбекистон тарихи, шунингдек, ОТМ таълим йўналишларига мос бўлган иккитадан тўрттагача умумтаълим фанлардан тест синови топширилади.