Жамоатчилик портали www.parliament.gov.uz’га «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Маълум бўлишича, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралари билан биргаликда ишлаб чиқилган.
Лойиҳада ҳар бир шахснинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланган виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини таъминлашга оид муносабатлар тартибга солинган.
Лойиҳада қуйидаги асосий янгиликлар назарда тутилган:
- қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатлар тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонунга бирлаштирилди;
- виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принциплари ўрнатилди;
- соҳада ваколатли бўлган давлат органларининг вазифа ва функциялари чегараси аниқ белгилаб берилди;
- диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилди, хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилди, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор бўлди, давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилди, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланди.
Шунингдек, янги қонун лойиҳасига кўра,
- диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор бўлмоқда;
- диний ташкилотни тузиш ташаббускорларининг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;
- диний таълим муссасаларида диний таълим берувчи шахсларга марказий бошқарув органининг розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда;
- диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;
- диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уставидан дубликат олиш тартиби бекор бўлмоқда.