Букмекерлик фаолиятини легаллаштириш, айрим солиқ имтиёзларини бекор қилиш, чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича қарздорлик учун санкцияларни бекор қилиш – қонун ҳужжатларига ушбу ва бошқа ўзгартиришлар келгуси йилдан кучга киради.
Norma.uz ёзишича, 1 январдан қуйидаги ўзгартириш ва янгиликлар назарда тутилган:
Букмекерлик фаолиятини легаллаштириш
Ўзбекистонда интернет орқали таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Интернетда лотереялар, ўйинлар ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш ушбу фаолиятни тартибга солиш ва лицензиялаш бўйича ваколатли орган томонидан белгиланган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилиши мумкин бўлади.
Электрон билагузукларни жорий этиш
Уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларнинг билагузук тақиши амалиёти келгуси йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади.
БҲМС ва МҲХС бўйича тайёрланган молиявий ҳисоботнинг янги шакллари жорий этилмоқда
Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари, уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низом кучга киради (2024 йил учун молиявий ҳисобот янги қоидалар бўйича тақдим этилади).
Низом молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатларини белгилайди:
• БҲМС бўйича – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай. Илгари молиявий ҳисобот 15 февралдан кечикмай тақдим этилган;
• МҲХС бўйича – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майидан кечиктирмай.
Аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича янги чора-тадбирлар
Кам таъминланган оилаларнинг болаларига нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларнинг расман банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни тўлаш муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда давом эттирилади.
Шунингдек, МҲЕКМнинг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи билан банд бўлган, Камбағал оилалар реэстрига киритилган оила аъзосига 3 йил давомида 1% ставка бўйича ижтимоий солиқ тўланади.
Тиббий фаолият учун лицензия талаблари ўзгартирилмоқда
Нодавлат тиббиёт муассасаларида операцион бўлимлар ташкил этилганда улар штатида:
• мутахассислиги бўйича камида биринчи малака тоифасига эга бўлган жарроҳ ва анестезиолог-реаниматолог;
• жарроҳлик ихтисослиги бўйича малака тоифасига эга бўлган ёрдамчи шифокор;
• биринчи малака тоифасига эга бўлган анестезиология-реаниматология ва операция бўлими ҳамшираси.
Операция ва реанимация хоналарида видео ва аудио ёзувлар камералари ўрнатилади. Ёзувлар уларнинг махфийлиги ва шифокор сири таъминланган ҳолда бир йил мобайнида сақланади (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
Ёш ходимлар учун ижтимоий солиқ тўланмайди
Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси давлат бюджетидан қоплаб берилган имтиёз бекор қилинмоқда.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилмоқда
Кам таъминланган оилалар фарзандларини меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига вақтинча қабул қилиш тўхтатилади. Шу билан бирга, ҳоким ёрдамчилари ва ижтимоий ходимлар томонидан “Камбағалликдан фаровонликка” дастури доирасида оилаларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Пойтахтда ҳаво мониторингини амалга ошириш бошланади
Экология вазирлиги ва пойтахт ҳокимлиги Тошкент шаҳрининг 12 та туманида фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлаштирилган кичик станцияларни ўрнатиш ишларини бошлайди.
Камбағал оилалар учун имтиёзлар
Камбағал оилаларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади.
Туризм соҳасидаги компенсациялар
Фаолияти бошланганидан 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорлар учун халқаро туристик ярмаркалар ва кўргазмаларда павильонни ижарага олиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ҳунармандларнинг халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида павильонларни ижарага олиш, улар томонидан кўрсатиладиган маҳсулотлар ва авиачипталарни ташиш харажатларининг 50 фоизи Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича янги талаблар
Таълим хизматлари, банк, тиббиёт, фармацевтика фаолияти ва кредит бюроси фаолияти соҳасида лицензия бериш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат бўйича инспекциянинг объектда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратилганлиги тўғрисидаги хулосаси талаб этилади.
Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик учун санкциялар
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича хизматлар учун ҳақ тўланмаган тақдирда абонентлардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш жорий этилади. Чеклов республиканинг барча ҳудудларида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича ойлик қарздорлик учун жорий этилади.
Туман поликлиникаларида янги штат бирликлари жорий этилмоқда
Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида соғлиқни сақлаш тизимида мақбуллаштириладиган штат бирликлари ҳисобига штат бирликлари жорий этилади:
• онкологик назорат хонаси учун акушер-гинеколог шифокори;
• мобил ва стационар маммографлар ишини икки сменада ташкил этиш учун рентген лаборантлари.
Тадбиркорларни ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилди
Кейинги йилдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:
• жисмоний шахс томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширганлик учун молиявий санкциялар;
• маъмурий жавобгарлик:
– фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш;
– қонун ҳужжатларида мажбурий рақамли маркировкалаш белгиланган ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш;
– ходимлар сонини яшириш.
Тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш орқали бизнес-омбудсманга хабар бериш тартибида амалга оширилади.
Давлат муассасаларида таваккалчилик бўйича қўмиталар ташкил этилади
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотларда уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида коллегиал асосда таваккалчиликларни бошқариш қўмиталари ташкил этилади. Бунда ушбу ташкилотларнинг ички аудит хизматлари ҳам қўмиталарнинг ишчи органи ҳисобланади.
Педагогларга қўшимча устамалар тўлаш
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили, адабиёт ва тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанларни ўқитадиган педагог кадрларга тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.
Айрим солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда
Молия йили давомида қабул қилинган ва бюджет даромадларини камайтиришни, солиқ ва божхона имтиёзларини беришни, шунингдек солиқ бўлмаган тушумлардан бюджетга ажратмаларни камайтиришни назарда тутувчи нормалар кейинги молия йилидан бошлаб амалга киритилади.
Қуйидагилар бекор қилинади:
• ягона тарифлар бўйича йўловчи ташиш хизматлари айланмаси учун, шунингдек, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар учун ҚҚС бўйича имтиёзлар;
• янги боғлар, токзорлар ва тутзорлар барпо этилган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар. Ушбу ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Жаҳон брендлари рўйхати шакллантирилмоқда
1 апрелгача ССП қуйидагиларни шакллантиради ва эълон қилади:
• халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида биринчи 500 ўринни эгаллаган машҳур халқаро брендлар рўйхати;
• миллий брендлар рўйхати икки босқичда:
– I – Адлия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда барқарорликнинг юқори ва ўрта рейтингига эга бўлган 12 та саноат йўналишида рўйхатдан ўтган товар белгилари рўйхатини шакллантиради;
II – рўйхатга киритилган товар белгилари бўйича миллий консалтинг компанияларининг тадқиқотлари, ушбу товар белгиларининг ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқларда ёритилиши, улар ҳақидаги сўровлар сони, аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровлар таҳлили натижалари асосида миллий брендлар рўйхатини шакллантиради ва эълон қилади.
Давлат поездда ташишдаги зарарларни қоплайди
Маҳаллий йўналишларда поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарлар (юқори тезликда ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш бундан мустасно) давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Ломни сотиш фаолияти учун лицензия тартиби жорий этилади
Қора ва рангли металлар ломи ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва сотиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятнинг лицензиялаш тартиби жорий этилади.
Тадбиркорлар қурилиш ишларини аутсорсинг асосида техник назоратга жалб этилади
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш (таъмирлаш) ишлари янгидан бошланадиган мактаб, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини аутсорсинг асосида техник назорат қилиш хизматларини кўрсатишга тадбиркорлик субъектларини жалб этишга рухсат берилди.
Фармацевтика маҳсулотларини харид қилишнинг марказлаштирилган тартиби
Барча тиббиёт муассасалари томонидан марказлаштирилмаган тартибда харид қилинадиган фармацевтика маҳсулотларини харид қилиш босқичма-босқич марказлаштирилган тартибга ўтказилади.
Кадрлар тайёрлаш квотасини шакллантириш тартиби ўзгартирилади
Давлат буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш квотаси нодавлат олий таълим муассасаларига уларнинг рейтингдаги позициясига кўра ажратилади. Шунингдек, таълим соҳалари кесимида олий таълим ташкилотлари рейтинги юритилади.