Боғча нархларининг ошиши, хорижда ишлашга кетаётганларга компенсациялар, имтиёзли ипотека каби қатор ўзгаришлар 1 июндан кучга киради.
Қонунчиликка кўра, “Xorijda ish” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга қуйидаги компенсациялар тўланади:
— хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМнинг 3 бараваригача (1 млн 20 минг сўм) миқдорда;
— хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 700 минг сўм) миқдорда;
— йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача (680 минг сўм) миқдорда.
2024 йил 1 июндан бошлаб амал қиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари ўзгаради.
Фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот “базавий меъёр” ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилади.
Меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга олинган ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади:
Бундан бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно. Бунда:
— субсидия 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан тўланади;
— меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахс билан тузилган ва Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси субсидия тўлаш учун асос бўлиб ҳисобланади;
— меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар деб хорижда 3 ва ундан ортиқ ой мобайнида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, яшаш манзилига қайтиб келганлигига бир йилдан кўп вақт бўлмаган шахслар тушунилади.
Зўравонликдан азият чеккан аёлларга ёрдам кўрсатилади:
Таъқиб ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларга “Инсон” ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ҳимоя буйруғи талаб қилинмаган ҳолда ижтимоий-ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади. Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва зўравонлик ҳолатлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан навбатчилик қисми – 102 телефон рақамига келиб тушган мурожаатлар асосида қайд этилади.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш учун имтиёзли ипотека:
“Маҳалла еттилиги” тавсиясига кўра, улар “Камбағалликни бартараф этиш” дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож шахсларга ипотека кредитлари ажратила бошлайди. Бунда:
— якка тартибдаги уй-жойларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади;
— ипотека кредитлари бўйича ажратилган кредитнинг 15 фоизи миқдорида дастлабки тўловнинг бир қисмини қоплаш, кредит муддатининг биринчи беш йилида 12 фоиздан ортиқ фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўланади.
Янги бинолар учун сейсмик талаблар белгиланади:
Интенсивлиги 8 балл бўлган сейсмик фаол зоналарда янги қурилишни режалаштиришда 5 қаватдан юқори бўлган тиббиёт муассасалари ва 9 қаватдан юқори биноларни лойиҳалаш фаол сейсмик ҳимоя воситалари, сейсмик изоляция ва амортизаторлар билан лойиҳалаштирилади.
Қурилиши режалаштирилган III – IV тоифадаги объектлар кучли зилзила пайтида газ ва электр тармоқларини автоматик блокировка қилиш тизими билан жиҳозланади.