2022 йилдан бошлаб давлат органларига ишга қабул қилиш ва юқори лавозимга тайинлаш учун хорижий тилни билиш талабгорга қўйиладиган мажбурий малакавий кўникма сифатида белгиланиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.05.2021 йилдаги ПҚ-5117-сон қарорида қайд этилган.
Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги қоидада “давлат органлари” жумласи келтирилган. Таълим тўғрисидаги қонунга кўра мактаблар давлат органи эмас, давлат таълим муассасаси ҳисобланади.
Шундай экан, юқоридаги қоидани ўқитувчиларга нисбатан қўллаб бўлмайди.
📄 Халқ таълими вазирлигининг 07.12.2019 йил 393-сонли буйруғига асосан мактабга педагог ходимларни ишга қабул қилишда қуйидаги мезонларга риоя қилиш лозим:
▪️Фан ўқитувчиси лавозимига – фан йўналишига тўғри келувчи камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ёки камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва фан йўналишига тўғри келувчи педагогик фаолият юритиш ҳуқуқи билан қайта тайёрлов курсини тугатган мутахассислар.
Шундай экан, чет тили ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилишда фан йўналишига тўғри келувчи камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумотнинг ўзи кифоя қилади.