Бу ҳақда бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
(https://president.uz/uz/lists/view/3810)Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жойларда рақамли телевидение сигнали ва интернет тезлигини таъминлаш, чекка ҳудудлардаги коммуникация тизимларини тўлиқ тестдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Ўқувчилар учун интернетдан фойдаланишда имтиёзли “Мактаб” тариф режаси жорий этилиши айтилди.
❗️Таълим муассасаларидаги тозалик ва озодаликни сақлаш, синфхоналар ва атрофни дезинфекция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, ҳар бир мактабга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, тартибни сақлаш ва карантин талабларига риоя этилишини назорат қилади. Ўқувчилар соғлигидан доимий хабардор бўлиш мақсадида ҳудудий поликлиника ёки врачлик пунктларидан камида бир нафардан тиббиёт ходими жалб этилади.
Тадқиқотлар ёш болаларда вирус енгил кечишини кўрсатмоқда. Бироқ ўқувчилар инфекциянинг ташувчисига айланиб қолишлари мумкин. Улар ўзлари билмаган ҳолда устозлари ёки оила аъзоларига, айниқса ёши улуғ кишиларга юқтириши хавфини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, педагоглар 1 октябрга қадар гриппга қарши бепул эмланади. Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга кўрсатма берилди.
Ўқув даргоҳлари фаолиятида хавфсизлик чораларини кўриш, шунингдек, маҳаллаларда коронавирусга чалинган хонадонларни ўз вақтида аниқлаб, мактаб маъмуриятини тезкор огоҳлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Мутасадди вазирликларга мактаблар учун пирометр ва дозаторлар харид қилиш ҳамда ҳудудларга етказиш бўйича топшириқлар берилди. Вилоят ҳокимлари мактабларни дезинфекция қилиш, антисептик воситалар, тиббий ниқоблар билан таъминлашга масъул этиб белгиланди.
– Ҳар бир раҳбар ўз вазифасини чуқур ҳис қилиб, ишга садоқат ва масъулият билан ёндашса, ҳам тизим ишлайди, ҳам халқимизнинг талабини бажарган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.