USD10 487.53–0.12%
RUB142.13–0.48%

Ҳар кимнинг бир дарди бор…

Ҳар кимнинг бир дарди бор...

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидов бошчилигида сайёр қабул ўтказилди.

Фуқароларнинг муаммо ва таклифларини тинглаш, соҳадаги камчиликларни бартараф этиш ва тиббий маданиятни ошириш мақсадида ташкил этилган сайёр қабулда 35 нафар фуқаро ўзларини қийнаётган муаммолар билан мурожаат қилди. Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Улар ижро этувчи тиббиёт муассасаларига йўналтирилди. Имконияти чекланган ва кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилди.

– Уч йил илгари юрагимда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди, – дейди 56 ёшли Маҳмуд Остонов. – Ҳар уч ойда даволаниб турибман. Аммо муолажадан кейин маълум вақт ўтгач, соғлиғимда яна салбий ўзгаришлар бўлаверади. Шу боис чуқурроқ муолажа олиш ва дардимни имкон қадар енгиллатиш мақсадида ёрдам сўраб келдим. Менга май ойида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволаниш учун имтиёзли ордер берадиган бўлишди.

Ҳар кимнинг бир дарди бор...

– Мени юрак етишмовчилиги ва юқори даражадаги қон босими қийнаб келади, – дейди фуқаро Норжон Умарова. – Нафасим сиқиб, оёқларим оғрийди. Кўзим ҳам яхши кўрмайди. Қулоқларим ҳам рисоладагидек эшитмайди. Менда анча йиллар илгари бачадон ампутацияси амалиёти ўтказилган. Саломатлигимдаги ўзгаришлар шу амалиёт асорати бўлса керак, деб ўйлайман. Нима қилай, чора йўқ. Ҳар кимнинг ўз дарди бор. Моддий жиҳатдан ҳам муаммоларим бор, шунинг учун шифохонага ётиб даволанишга имкониятим йўқ. Сайёр қабулни эшитиб келдим. Мени тинглашди ва туман тиббиёт бирлашмасида ётиб даволанишим учун шароит яратиб берадиган бўлишди.

Қабулга ёрдам истаб келган 5 нафар фуқарога Республика ихтисослаштирилган клиникаларида, 9 нафарига вилоят даволаш профилактика муассасаларида даволаниш учун ордер ва йўлланмалар берилди. Қолган фуқароларнинг муаммолари шу жойнинг ўзида ҳал қилинди ва керакли тавсиялар берилди.

Мавзуга оид