Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Тошкентда бўлиб ўтган “Иннопром” халқаро саноат кўргазмаси Ўзбекистон ва Россия мамлакатлари ишбилармон доиралари учун кенг ва қулай имконият яратиб, келгусида самарали натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз.
Хусусан, халқаро саноат кўргазмаси доирасида Бухоро вилояти делегацияси Россиянинг Уляновск, Нижгород ва Свердловск вилоятлари ишбилармонлари соҳалари бўйича эришган ютуқлари ва келгуси режалари билан ўртоқлашди.

Турли соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини ҳамкорлик қилиш истагида бўлган тадбиркорларга намойиш этиб, ҳамкорликнинг афзалликлари ва унинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашди. Ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик доирасида кенг кўламли музокалар олиб борилди.



Музокараларнинг узвий давоми сифатида бугун, 7 апрель куни Нежгород вилояти губернатори Глеб Никитин ҳамда Россия Федерацияси Агроэкспорт ассоциацияси маркази президенти Дмитрий Куликов Бухорода бўлишди.




Мартабали меҳмонларни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида тегишли вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилотлар раҳбарлари кутиб олишди.


Вилоят раҳбари меҳмонларга вилоятимизга ташрифи учун миннатдорлик билдириб, Бухорода инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳамда берилаётган имкониятлар хусусида сўз юритди.

Мулоқотда сўнгги йилларда ҳар икки мамлакат ўртасида ижтимоий-иқтисодий, саноат, қишлоқ хўжалиги каби қатор соҳаларда ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганлиги эътироф этилди.

Қайд этилганидек, “Иннопром” халқаро саноат кўргазмаси доирасидаги очиқ мулоқотлар истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқлаш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини яратишга имкон берди.



Самимий мулоқот давомида ҳудудий тадбиркорлар ўртасида йўлга қўйиладиган лойиҳалар келишиб олинди. Ҳамда 2021 йилга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.


Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати