USD10 525.63+0.13%
RUB138.47+0.43%

Қишлоқ хўжалиги вазири фермерларнинг 70 йилдан бери пахта-ғалла йўналишида бир хил ишлаб келаётганини танқид қилди

 Қишлоқ хўжалиги вазири фермерларнинг 70 йилдан бери пахта-ғалла йўналишида бир хил ишлаб келаётганини танқид қилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Агрохизматлар марказида медиа-тур ташкил этилди.

Қайд этилишича, агрохизматлар маркази мажмуасининг умумий майдони 2 гектарни ташкил этади. Мажмуа биносида Венгрия–Ўзбекистон картошкачилик илмий маркази, турли давлат хизматлари, лабораториялар, 10 та илмий тадқиқот муассасаси, 18 та хусусий компания, агробозор, ёпиқ ва очиқ кўргазма майдончалари жойлашган.

«Бу марказни биз халқаро ташкилотларимиз билан бирга барпо этдик. Асосий ҳамкоримиз — Европа Иттифоқи делегацияси. Ушбу марказнинг асосий мақсади Тошкент вилояти субъектларига шу кунгача давлат қандай хизмат кўрсатаётган бўлса, энди ушбу марказ барчасини битта жойдан ҳал этишга кўмаклашади. Марказга келолмаган субъектларга мобил хизматлардан фойдаланиш имкони ҳам бор. Бунинг учун 9 та йўналиш бўйича мобил бригада ташкил этилган. Бемалол ўз далаларига чақиришлари мумкин.

Энди фермер давлат айтганини эмас, ўзи мустақил ҳаракат қилишни бошлаяпти. 70 йилдан бери пахта-ғалла йўналишида бир хил ишлаб келган фермерларимизга бугун ўргатмасак, эртага бу бўшлиқни тўлдиролмаймиз», — дейди қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев.

Таъкидланишича, Венгрия–Ўзбекистон ҳамкорлигидаги картошкачилик тадқиқот маркази Венгриянинг илғор тажрибаси асосида картошкани вирусдан холи усулда етиштириш технологияси орқали кўпайтирилган бирламчи уруғларни шу йўналишга ихтисослашган фермер хўжаликлари, кластерлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида жорий этиш билан шуғулланади.

«Картошка Венгрияда муҳим озуқа ҳисобланади. Венгрияликлар йилига 50 килограммгача картошка истеъмол қилишади. Менинг тушунишим бўйича картошка Ўзбекистон учун ҳам муҳим ҳисобланади. Венгриянинг бу соҳада тажрибаси ноёб. Чунки бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, давлатнинг ўзи бу институтни 20–30 йиллар давомида молиялаштириб, илмини оширяпти.

Шунинг натижасида ҳозирда вирусга чидамли, балки ҳосилдорлиги ҳам юқори бўлган картошканинг кўп навларини аниқлаганмиз. Энди ўзбек олимлари билан Ўзбекистон шароитига мос картошка навларини аниқлаб олиб, тарқатиш ниятимиз бор. Натижада импорт тўхтатилади. Унга сарфланаётган пул Ўзбекистонда сақланиб қолади», — дейди венгриялик профессор Зсолт Полгар.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, сайёр автоуловлар кўринишидаги мобил лабораториялар ичида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, тупроқ ва ўғитлар таҳлили, ўсимликлар клиникаси, дрон ва геоахборот, агросервис лаборатория ишлари олиб борилади.

«Автобусларда сайёр лабораториялар ташкил қилинган. Унда тадбиркор қаерда қандай маҳсулот бор, сифати қанақа эканини билиш мақсадида бизга мурожаат қилиши мумкин. Ўша туманга бириктирилган масъул ходимимиз мурожаатга асосан маҳсулотни бориб ўрганади. Маҳсулотда зараркунанда бор-йўқлигини аниқлаб, натижасини расм ёки овозли хабар шаклида 40 минутгача юбориш имкони яратилган», — дейди агроном инспектор Зуҳриддин Туйғунов.

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг айтишича, барча хизмат турлари марказ томонидан шартнома орқали амалга оширилади. Рақамлаштириш хизматларининг шартномаси намуна сифатида ишлаб чиқиляпти. Унда тупроқ анализи ва бошқа хизматлардан шартнома асосида фойдаланиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид