USD10 525.63+0.13%
RUB138.47+0.43%

Ғафур Саидов: «Чекка ҳудудларда ишлаш ва тажриба орттириш ёш кадрлар учун ҳам, соҳа ривожи учун ҳам бирдек манфаатли!»

 Ғафур Саидов: «Чекка ҳудудларда ишлаш ва тажриба орттириш ёш кадрлар учун ҳам, соҳа ривожи учун ҳам бирдек манфаатли!»

Юртимизда шаҳар ва туман марказларидан юзлаб километрлар олисда бўлган ҳудудлар бор. Уларда яшовчи аҳолининг турмуш тарзи, шарт-шароити, таълим ва тиббий хизмат олиши сиз ва бизникидан тубдан фарқ қилади. Чунки ушбу ҳудудларнинг аксарияти саҳро қўйнида жойлашган. Аждодлари яшаган шундай жойларни манзил-макон тутиб, умргузаронлик қилиб келаётган ватандошларимиз турмушини яхшилаш, ўша ҳудудлар инфратузилмасини ўзгартириш йўлида ҳукуматимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сонли Фармонида “Қишлоқ шифокори” дастури асосида олис ҳудудларда тиббий хизмат сифатини янада ошириш, тиббиёт олийгоҳи битирувчиларига имтиёзлар бериш орқали у ердаги тиббий муассасаларда ишлашга тавсия бериш, моддий рағбат ва яшаши учун шароитлар яратиш каби вазифалар белгилаб берилди.

Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидов Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро тиббиёт институтида шу даргоҳни жорий йилда битириш арафасида турган талабалар билан учрашди. Муҳим тадбирда олийгоҳнинг юқори босқич талабалари, магистр ва клиник ординаторлари шунингдек, уларнинг устозлари ҳамда бошқарма мутахассислари иштирок этишди.

Муҳим тадбирни институт ректори Шуҳрат Тешаев очди.

Бошқарма бошлиғи Ғ.Саидов ўтган сўнгги тўрт-беш йилда қатор соҳалар баробарида тиббиёт соҳасида амалга оширилган ишлар, давлат раҳбари бошчилигида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ёшларга эътибор, мавжуд муаммоларни ҳал этишдаги яхлит тизимни жорий этиш ҳамда назорат қилиш, бир сўз билан айтганда, одамларнинг давлат ва унинг идораларидан розилигига эришиш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида гапирди.

Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳар жиҳатдан бўлғуси кадрларга ҳам боғлиқ. Бугун Бухоро тиббиёт институтида ана шундай салоҳиятли кадрларни тарбиялаш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, бу йўналишда институт ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган.

Ғафур Саидов: "Чекка ҳудудларда ишлаш ва тажриба орттириш ёш кадрлар учун ҳам, соҳа ривожи учун ҳам бирдек манфаатли!"

Ёшлар билан учрашув чоғида таъкидландики, тиббиётнинг бирламчи бўғини бугун ўз фидойиларига муҳтож. Айниқса, чекка ҳудудларда ишлаш ва тажриба орттириш ёш кадрлар учун ҳам, соҳа ривожи учун ҳам бирдек манфаатли.

Олис ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида мавжуд бўш иш ўринлари рўйхати тузилган бўлиб, айни пайтда вилоятнинг тўртта, яъни Шофиркон, Ромитан, Ғиждувон ва Пешкў туманларида жойлашган бешта муассасада  (Шароф Рашидов ОП Чуруқ саломатлик пункт филиали, Газли шаҳар касалхонаси, Қизилравот  ҚВП, 70-ҚОП Оғитма филиали, Жонгелди қишлоқ участка шифохонаси) шифокорларга эҳтиёж борлиги аниқланган. Бу ерда трансфузиолог, врач-лаборант, функционал диагностика врачи, рентгенолог, фтизиатр, педиатр, реаниматолог, терапевт, неонотолог, тез ёрдам бўлими мудири ҳамда врачи вазифалари вакант турибди.

Президент Фармонида ушбу ҳудудларга бориб ишлаш истагини билдирган ёшларга 30 млн сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари, уй-жойи бўлмаганларга уч йил давомида хизмат уй-жойлари берилиши ёки БҲМнинг икки баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари Давлат бюджети ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Ғафур Саидов бўлажак шифокорларга шулар тўғрисида тушунча берган ҳолда уларни чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги вакант иш ўринларига таклиф қилди.

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати

Мавзуга оид