Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида ўсимлик ёғи нархи пасайди

 Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида ўсимлик ёғи нархи пасайди

Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нархларнинг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ўзгариши таҳлили амалга оширилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) ички бозорда нархлар бўйича доимий мониторинг олиб бормоқда. Хусусан, 2021 йил 28 апрелдан 5 майга қадар Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нархларнинг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ўзгариши таҳлили амалга оширилди.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига асосан, ҳафта охирига келиб республикада бир литр ўсимлик ёғининг ўртача нархи 0,5 фоизга пасайиб, 19 104 сўмни ташкил этди. Ўртача нархлар диапазони Андижон вилоятида бир литр учун 17 218 сўм, Тошкент шаҳрида 20 596 сўмгача бўлган оралиқда ўзгариб борди. 9 та вилоятда ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилмоқда, энг юқориси Навоий (2,4 фоизга) ва Самарқанд (2,2 фоизга) вилоятларида қайд этилди.

Туманлар таркибида ўсимлик ёғи нархининг бир литри учун энг катта пасайиш Вобкент (8,3 фоиз), Тўрткўл (6,3 фоиз), Жомбой (5,5 фоиз), Элликқалъа (5,4 фоиз), Пахтачи (5,1 фоиз), Мирзачўл (5 фоиз) туманларида кузатилди. Қайд этилишича, ҳафта давомида нархлар фақат 5 та вилоятда ошди, улардан энг баланди Сирдарё (1,6 фоизга), Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрига (0,7 фоизга) тўғри келади.

Маълум қилинишича, кўриб чиқилаётган давр мобайнида республикада ўртача нархларнинг ўсиши мол гўшти (0,4 фоизга, килоси 61 минг сўмгача), картошка (1,6 фоизга, килоси 4655 сўмгача), тухум (0,1 фоизга, ўнтаси 10761 сўмгача), буғдой уни (0,1 фоизга, килоси 4839 сўмгача), шакар (0,5 фоизга, килоси 8309 сўмгача) учун қайд этилди. Ҳудудлар кесимида энг юқори нарх ўсиши:

  • мол гўшти Навоий (1,7 фоиз) ва Сурхондарё (1,8 фоиз) вилоятларида;
  • сут Тошкент шаҳрида (0,8 фоиз);
  • тухум Тошкент вилояти (1,1 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (0,8 фоиз);
  • картошка Хоразм (7,9 фоиз), Тошкент (6,1 фоиз), Самарқанд (4,2 фоиз) вилоятларида;
  • гуруч Сирдарё (0,9 фоиз) ва Тошкент (0,8 фоиз) вилоятларида;
  • буғдой уни Андижон (3,5 фоиз) ва Хоразм (1,4 фоиз) вилоятларида;
  • шакар Сурхондарё вилоятида (3,3 фоиз), Тошкент шаҳрида (1,8 фоиз) кузатилди.

Республикада ҳафта давомида ўртача нархларнинг пасайиши сут (0,2 фоизга, литрига 6102 сўмгача), гуруч (0,1 фоизга, килоси га 10 169 сўмгача), ўсимлик ёғи (0,5 фоизга, литрига 19 104 сўмгача) учун қайд этилган. Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг катта пасайиши қуйидагилар учун қайд этилди:

  • мол гўшти — Тошкент шаҳрида (0,5 фоиз), Қорақалпоғистонда (0,2 фоиз);
  • сут — Бухоро (2,4 фоиз), Самарқанд (2,2 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистонда (2,3 фоиз);
  • тухум — Жиззах (1,4 фоиз), Андижон (0,7 фоиз), Самарқанд (0,5 фоиз) вилоятларида;
  • картошка — Андижон (2,7 фоизга), Бухоро (2,2 фоизга) вилоятларида;
  • гуруч — Андижон (1,2 фоиз), Навоий (0,4 фоиз) вилоятларида, Тошкент шаҳрида (0,8 фоиз);
  • буғдой уни — Наманган (3,1 фоиз), Навоий (0,8 фоиз) вилоятларида;
  • шакар — Самарқанд (2,3 фоиз), Хоразм (0,8 фоиз), Навоий (0,5 фоиз) вилоятларида.

Мавзуга оид