USD10 518.99+0.17%
RUB139.07–0.87%

Ўзбекистондаги маҳкумлар сони маълум қилинди.

Ўзбекистонда бугунги кунда 22 мингдан ортиқ киши жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган фракциялараро амалий мулоқотига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

Ўзбекистонда 54 та жазони ижро этиш муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналаридир. Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ маҳкумларнинг 7 мингдан ортиғи манзил колонияларда, 14 мингдан ортиғи ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.

Қайд этилишича, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари 3 280 та замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан, 2 203 таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432 таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645 таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилган.

Шунингдек, тезкор-қидирув, тергов соҳасида қийноқларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларига келтирилган ва ушланган шахслар билан янги ташкил этилган 484 та сўровхонада суҳбат ва сўровлар ўтказилмоқда.

Тергов бўлинмаларида видеокузатув воситалари ҳамда эшитиш мосламаларисиз адвокатлар ўзларининг ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашишлари учун алоҳида адвокат хоналари ташкил этилган. Тергов ҳибсхоналаридаги мавжуд терговчилар хоналарига жами 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув воситалари ўрнатилган.

Маълумот ўрнида келтирилишича, 2020 йил 1 август ҳолатига кўра, АҚШда ҳар юз минг одамдан 639 нафари, Россияда 340 нафари, Туркияда 335 нафари, Беларусда 343 нафари, Ўзбекистонда 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.

Аввалроқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев Ўзбекистон Марказий Осиёда маҳкумлар сони энг кам мамлакатлардан бири ҳисобланишини айтганди.

Мавзуга оид